Машҳур боксчи Муҳаммад Алининг ўғли февраль ойи бошларида миграция хизматлари томонидан 2 соат сўроқ қилинган. Воқеа 7 февраль куни Муҳаммад Али-кичик, онаси Халила Али билан Ямайкадан Флоридага келган вақтда халқаро Форт-Лодердейл аэропортида юз берган, деб ёзмоқда Miami New Times газетаси. 

Нашрга кўра, миграция хизмати афсонавий боксчининг 44 ёшли ўғлини 2 соатга ушлаб қолишган. Сўроқ вақтида 2 марта диний эътиқодига доир савол ҳам берган. Шу билан бир вақтда, Муҳаммад Алининг собиқ рафиқасини ушлашмаган, чунки унинг ёнида турмуш ўртоғи билан тушган сурати бўлган. 

Оиланинг дўсти ва собиқ федерал прокурор Крис Манчинининг сўзларига кўра, кичик Али жиноий жавобгарликка тортилиш билан боғлиқ ўтмишга эга эмас. Қолаверса у АҚШ фуқаросидир. "Тушунмаяпман, президент Трампнинг муҳожирлик тақиқлари динга асосланмагани тўғрисидаги таъкидлари қаерда қолди", — деган Манчини.

Трамп АҚШ президенти вазифасига киришганидан кўп ўтмай, "АҚШни терроризмдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги фармонини имзолаган эди. У суриялик қочқинларни қабул қилиш жараёнини номаълум муддатга тўхтатган, шунингдек, Ироқ, Эрон, Яман, Сурия, Сомали, Судан ва Ливия фуқароларининг АҚШга киришини 90 кунга тақиқлаган эди. 

Кейинчалик, Сиэтл судъяси ушбу фармонини Конституцияга зид деб топган ижросини вақтинча тақиқлаганди.