АҚШ ҳукумати КХДРни террорчиликка ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига такроран киритиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг ўгай акаси Ким Чен Намга қилинган суиқасд пайтида VX юқори заҳарли моддасидан фойдаланилгани ҳақидаги хабарлар фонида юз бермоқда, деб хабар бермоқда Киодо агентлиги АҚШ дипломатик доираларидаги манбаларга асосан.

Агентлик суҳбатдошларининг сўзларига кўра, айни дамда бу иш бўйича келиб тушаётган барча маълумот ўрганиб чиқилмоқда.

Аввалроқ Малайзия полицияси 13 февраль куни ҳаётдан кўз юмган КХДРнинг Ким Чхоль номига паспорти бўлган фуқароси юзида асаб-фалажловчи таъсирга эга бўлган VX заҳарли модда излари топилгани ҳақида маълум қилганди. Жанубий Корея рўй берган ҳодисадан сўнг ҳалок бўлган инсон Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг ўгай акаси - Макаода яшовчи Ким Чен Нам эканини эълон қилди. Малайзия полицияси эса шимолий кореялик фуқаронинг ўлими сабабларини аниқ белгилай олмади, шунингдек унинг шахси аниқланмади, VX заҳарли модда қандай келиб чиққани ҳам ойдинлашмаган ва КХДРнинг қотилликка алоқадорлиги юзасидан аниқ исботлар йўқ.

Аввалроқ Куала-Лумпур аэропортидаги кузатув камералари томонидан олинган кадрлар тақдим этилганди ҳамда унда эркакка аёл киши ҳужум қилаётгани, унинг юзини ортдан қўли билан беркитиши, сўнгра қочиб қолишини кўриш мумкин. Терговчиларнинг билдиришича, заҳарли модда гумонланувчининг қўллари орқали берилган, кейин эса у ҳожатхонага кириб, қўлларини ювиб ташлаган. Шу билан бир қаторда, баъзи ОАВларнинг таъкидлашича, V туркумидаги юқори заҳарли моддаларни теридан кетказиш учун сув эмас, балки оқартиргич (оқартирадиган махсус модда, восита) керак бўлади.

Ушбу иш бўйича бир неча гумонланувчи, жумладан КХДР фуқароси қўлга олинди, полиция эса шимолий кореялик бир дипломат ва Air Koryo авиакомпаниясининг Малайзиядаги ходими кўрсатма беришига эришмоқчи. Шунингдек Малайзия полицияси ходимлари КХДР дипломати уйидан атиги икки километр узоқликда жойлашган хонадонлардан бирида тинтув ўтказишди. Дастлабки маълумотларга кўра, хонадонда кимёвий моддалар билан ишлашга мўлжалланган кийимлар топилган.

Маълумот учун, КХДР Американинг террорчиликка ҳомийлик қилувчи давлатлари рўйхатига 1987 йилда Жанубий Кореяга тегишли самолёт йўқ қилингандан сўнг киритилганди. Унинг бортида 115 киши бўлган. Тахминларга кўра, портлаш КХДР махсус хизматлари агентлари томонидан амалга оширилган. 2008 йилда эса АҚШ собиқ президенти Жорж Бушнинг маъмурияти КХДР террорчиликка ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатидан чиқарилгани ҳақида маълум қилди. Бундай қарор Халқаро атом энергетикаси агентлиги (МАГАТЭ) экспертлари Пхеньяннинг ядро иншоотларига боришгач, қабул қилинган.