АҚШда чоп этилувчи The New Yorker журналининг март ойи сони ноодатий тарздаги муқова билан чиқадиган бўлди. Гап шундаки, муқова рус тилида ёзилган "The Нью-Йоркер" ёзуви ва Россия президенти Владимир Путиннинг мультфильмларга хос расми билан безалган. 

Журнал рассоми Барри Блитт Путинни журналнинг 1925 йилда чоп этилган илк сони муқовасида тасвирланган ва унинг рамзи ҳисобланувчи Юстас Тилли образида тасвирлаган. Бу тасвирга журналда деярли ҳар йили, одатда журналнинг туғилган куни нишонланадиган февралда тақлид қилинади. 

Журналнинг янги сонидаги муқовада Путиндан ташқари капалак қанотли Дональд Трамп ҳам тасвирланган. Путин тасвирда учиб юрган Трампни моноколь орқали кузатиб турибди. 

Фото: Twitter.com/@NewYorker

Журналнинг бу сондаги мавзуси "Трамп, Путин ва янги совуқ уруш" номли мақола бўлади. Бу мақола "гўёки Россиянинг АҚШ президенти сайловларига аралашуви"га бағишлангандир. 

Путин бу журналнинг муқовасида биринчи марта пайдо бўлмаяпти. 2014 йилда Сочидаги Олимпиада олдидан журналнинг Путин муз устида учувчи фигурачи кўринишида тасвирланган сони чиққан.