Тармоқлар орқали тарқалган бу машъум хабар кўплаб фойдаланувчиларнинг кўнглини жунбушга солмоқда. Тошкентда яшайдиган 31 ёшли Юлия Дорошина Тошкентдаги 5-туғуруқхонада вафот этди. Айни дамда прокуратура аёлнинг вафоти юзасидан тергов ишларини олиб бормоқда.

Аёлнинг оиласи унинг бевақт ўлимида шифокорларнинг айби катта эканлигини қайд этмоқда. Юлия кўзи ёриган вақт жон беради, унинг туғилган чақалоғи ҳам вафот этади.

Дорошинанинг турмуш ўртоғи Ц-1 нашрига берган интервьюсида рафиқаси ҳамда қизалоғи шифокорларнинг масъулиятсизлиги оқибатида ҳалок бўлганини айтиб ўтган. 

Маълум бўлишича, Тошкентнинг Шумилово мавзесида яшовчи Юлиянинг 9 ёшли қизи бўлиб, у иккинчи фарзандини интизорлик билан кутган. Унинг турмуш ўртоғи Станислав Гуменюкнинг таъкидлашича, Юлия туғуруқдан 5 кун аввал УЗИ текширувига борган. Унда боланинг бўйни киндигига ўралгани маълум бўлади. Бироқ аёл кўзи ёригунга қадар чақалоқ тўғри ҳолатга тушиб қолиши ва боши киндигидан ечилишига умид қилган. Аёл туғилажак қизига исм ҳам танлаган эди - Милана. 

Юлия ТАПОиЧ қошидаги тиббиёт марказида туғишни режалаштиради, бироқ тозалик ишлари туфайли у ер ёпилган эди. Дорошинани тўлғоқ тутганида тез ёрдам уни 5-рақамли туғуруқхонага келтиради. Боланинг жойлашишидаги катта хавф УЗИ орқали кўринган бўлар эди, бироқ шифокорлар бу текширувни амалга оширишмаган. Туғуруқхона ишчиларининг сўзларига кўра, ўша вақтда ультратовуш аппарати вақтинчалик ишламаган ва бу ишни қила оладиган шифокор ҳам бўлмаган. 

Навбатчи шифокор тезкор операцияни амалга ошириб бўлганидан сўнг Юлияга қарашини айтади. Аёлнинг яқинларини тунда уйга жўнатишади ва эрталаб тетрациклин мази ва қўлқоп олиб келишларини сўрашади. Улар керакли дорилар зарур бўлса, туғуруқхона захирасидан бир кечага ишлатиб туришларини, эртага тонгда ўрнига келтириб беришларини илтимос қилишганида, ҳамширалардан қуйидаги сўзни эшитишади: «Бу ер сизга дорихона эмас».

Тунда Станиславга ҳеч ким қўнғироқ қилмайди. Эрталаб соат саккизга яқин туғуруқхонага келишганида, Юлияни ҳам, навбатчи шифокорни ҳам учратишмайди. Ҳавотирга тушган Станиславга “Тонгги мажлис, кутиб туринг”, деб жавоб беришади. Фақатгина, бир соат ўтгандан сўнг бош шифокор хонасида улар Юлиянинг ҳаёти сақланиб қолинмаганидан хабардор бўлишади... 

Бош шифокор Юлиянинг турмуш ўртоғига кесарча кесиш (кесарево) жарроҳлиги ўтказилганини айтади. Чақалоқ соат 4.14да чиқариб олинган – у киндигига 4 маротаба ўралган бўлган, бир дақиқадан сўнг қизалоқ вафот этади.

Юлия эса қарийб бир соатдан сўнг 5.10да жон беради. Шифокорларнинг айтишича, улар уч марта юрак уришини қайтаришга уринишади, бироқ фойдаси бўлмайди. Тўлиқ тиббий хулоса ўлимдан 15 кун ўтгач берилади. Шифокорлар берган дастлабки хулосада аёл кўп қон йўқотишдан вафот этгани қайд этилган.

«Тадқиқот ўтказган патологоанатомнинг айтишича, кесарча кесиш жараёни «кўр-кўрона» ўтказилган, яъни ҳеч қандай бошланғич УЗИ текширувисиз», – дейди аёлнинг эри. Станислав бу фожиада шифокорлар айбдор эканини қайд этмоқда. «Улар рафиқамнинг аҳволини тўғри баҳолай олишмади. Ишончим комилки, агар аёлимга ўз вақтида эътибор қаратишганида Юлия ва қизалоғим тирик қолган бўлар эди».

«Агарда чақалоқ киндигига ўралган бўлса, у кўм-кўк туғилади, – дейди Юлиянинг қариндоши Ольга. – Милана эса фариштадек оппоқ эди. Балки, шифокорлар унинг ўзи туғишини кутиб, жарроҳликни кечиктиришган».

Ольганинг айтишича, шифокорлар кесарча кесишни бепул амалга оширишни истамаган бўлиши ҳам мумкин.

20 февраль куни Юлиянинг турмуш ўртоғи Тошкент шаҳар прокуратурасига ариза беради. У ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари мазкур масалага ойдинлик киритишларига ишонмоқда. 

«Нима сабабдан Юлияни УЗИ бор бўлган бошқа шифохонага олиб боришмади? Нега уни зудлик билан операцияга олиб киришмади? Тунда нима содир бўлдики, бош шифокорнинг ўзи бу ишга аралашган? Нима сабабдан оилага ўз вақтида чақалоқнинг вафот этгани хабар берилмаган?»

Станислав кузатув камерасидан олинган ёзувлар шифокорлар қаерда янглишганини аниқлашга ёрдам беришига ишонмоқда.

16 февраль куни Юлияни қизи Милана билан сўнгги манзилга кузатишди. 

«Мен 11 ёшимда етим қолганман, – дейди кўз ёшини беркитишга уринган Станислав. – Барча қаршилик қилишига қарамай, қизимга онаси билан сўнгги маротаба кўришишига рухсат бердим».

«Биз суюнчи учун маблағ йиғиб қўйган эдик. Оқибатда, пуллар дафн маросимига сарфланди», – дейди у.