Эрон уч йил мобайнида Қозоғистондан 950 тонна уран концентратини харид қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Эрон атом энергетикаси ташкилоти раҳбари Али Акбар Солиҳий баёнот берди, дея хабар қилмоқда ISNA агентлиги. 

"Битим ижроси 3 йилга мўлжалланган. Бунда илк 650 тонна маҳсулот биринчи икки йилда икки партияда олиб келинади. Қолган 300 тоннаси учинчи йилда етказилади. Улар UF6 газига айлантирилгач, Қозоғистонга қайта юборилади ва бунинг учун Теҳрон ҳақ олади", — деган Солиҳий. 

Унинг қайд этишича, Эрон ўз тарихида биринчи марта гексафторид уран моддасини сотади.