Давлат раҳбари Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳайкали, Абул-Муъийн Насафий зиёратгоҳи реконструкцияси лойиҳалари билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Қаҳрамон шоир ҳайкали Қарши шаҳридаги Ўзбекистон кўчасида бунёд этилади. Бу ёшлар учун фахр ва ғурур тимсоли, маънавий тарбия манбаи бўлиб хизмат қилади. 

Президент ҳайкал лойиҳасини такомиллаштириш, бу ерда Абдулла Орипов номидаги мактаб ва унинг ижодига бағишланган музей ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. 

Абул-Муъийн Насафий XI асрда яшаган, ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган алломалардан биридир. Унинг илмий асарлари бугунги кун учун ҳам ғоят аҳамиятлидир. 

Давлат раҳбари бу қадамжони кенг ва обод зиёратгоҳга айлантириш, зиёратчиларга зарур шароитлар яратиш, бу масканда кутубхона ташкил этиш, аллома асарларини таржима қилиб, халқимизга етказиш бўйича тавсиялар берди.