Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Давлат раҳбари Жайхун кўчасида қурилаётган 5 қаватли замонавий турар жой бинолари лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ушбу кўчада аҳоли учун 25 та ана шундай кўп қаватли уй барпо этилади. Ҳудудда давр талаблари асосида фаолият юритадиган ресторанлар, супермаркетлар, иссиқ нон ва озиқ-овқат дўконлари, кафе ва чойхоналар, гўзаллик салонлари, сартарошхона ва автотураргоҳлар қуриш режалаштирилмоқда. 

Шавкат Мирзиёев Қарши туманида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳасини кўздан кечирди. 

“Universal max service” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллион доллардан иборат. 

Корхонада замонавий технологиялар асосида йилига 180 минг тонна чиқиндини йиғиш, саралаш ва қайта ишлаш йўлга қўйилади. Бугунги кунда дастгоҳлар сотиб олиш бўйича шартномалар тузиш, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Чиқиндиларни қайта ишлаш атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришда муҳим омилдир, деди Президент. Бу шаҳардаги санитария ҳолатини янада яхшилашда, аҳолининг саломатлигини сақлаш ва бандлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.