"Оскар" мукофоти: 2017 йилги маросим ҳақида баъзи маълумотлар

Жамият 25 Февраль 2017 5617

Кино оламидаги энг нуфузли мукофот ҳисобланувчи "Оскар"нинг бош соврини – "Оскар" ҳайкалчасининг таннархи йил сайин ошмоқда: бу йили ҳар бир ҳайкалча маросим ташкилотчиларига 696 доллардан тушади. Бу ҳақда Forbes журнали хабар бермоқда.   

Шу тариқа ўтган олти йил ичида ҳайкалча нархи деярли икки мартага қимматлашган, ваҳоланки 2011 йилда бир "Оскар"ни тайёрлаш нархи 400 доллар бўлган.

Шу билан бирга тилла сув югуртирилган ҳайкалчанинг таннархи унинг бозор қиймати билан ҳеч қандай алоқага эга эмас. Мукофот эгасига шартнома бўйича ҳайкалчани фақатгина бир долларга кино санъати Академиясига сотишга рухсат борлигига қарамасдан, бозорда анчагина ҳайкалчалар билан савдо қилинади. Улардан бирига энг катта нарх уларни тўплаш билан шуғулланган машҳур қўшиқчи Майкл Жексон томонидан таклиф қилинган. 1999 йилда у битта ҳайкалчага 1,5 млн доллар тўлаган (ҳозирги курсда 2,2 млн доллар).

АҚШ кино санъати Академияси ўзининг фаолияти давомида 3 мингдан кўпроқ "Оскар"ни ўз эгаларига топширган.

"Оскар" ҳайкалчаси 24 каратли олтин билан қопланган ҳамда оғирлиги 3,85 кг ни ташкил қилади. 34 см баландликка эга ҳайкалча британий қотишмасидан қуйилган, унинг таги эса қора мармардан тайёрланади. Бироқ айнан унинг олтин қопламаси унинг нархининг йилдан-йилга ошишига сабаб бўлади.

Жорий маросимни ABC телеканали эфирида биринчи марта комик Жимми Киммел олиб боради ва у бу анчагина машаққатли ишига 15 минг доллар ҳақ олади. 

"Оскар"нинг 1953 йилдаги илк бошловчиси актёр Боб Хоуп бўлган. У мукофот бошловчиси сифатида рекорд ўрнатган: у ушбу нуфузли мукофотнинг тақдирлаш маросимини 18 маротаба олиб борган. 

Лос-Анжелесдаги Dolby театри олдига юлдузлар юриши учун тўшаладиган қизил гиламча эса алоҳида харажатлар моддасини ташкил қилади. Унинг майдони 1,5 минг квадрат метрдан кўпроқни, нархи эса 30 минг долларни ташкил қилади.    

Бироқ маросимга кетадиган барча харажатлар рекламадан олинадиган даромадлар билан бир неча баробар қопланиб кетади. Маросим трансляцияси вақтида кўрсатиладиган 30 сониялик реклама ролигининг нархи 1,8-2,1 млн долларни ташкил қилади. Ваҳоланки, рекламадан олинадиган даромад йилдан йилга ортиб бормоқда. 

Бу йили ҳам рекламадан олинадиган даромад ўтган йилги 115 млн долларлик даромаддан кам бўлмаслиги прогноз қилинмоқда.

Маросим вақтида бу йилги совриндорларни эълон қилиш учун кўплаб "Оскар" эгалари саҳнага чиқадилар. Улар орасида ўтган йил кўп йиллик кутишлардан кейин ахийри ўз "Оскар"ига эга бўлган Леонардо Ди Каприо, Бри Ларсон, британиялик Марк Райлэнс ва швециялик актриса Алисия Викандер бор. Бундан ташқари, саҳнага Эмма Стоун, Шарлиз Терон, Хэлли Берри, Скарлетт Йоханссон, Ширли Маклейн каби бошқа юлдузлар ҳам кўтарилишади.

"Оскар"нинг 89-маросими 26 февраль, якшанба куни АҚШнинг шарқий соҳили вақти бўйича соат 20:30да (Тошкент вақти билан 27 февраль тонгги соат 06:30) бошланади. Маросим дунёнинг 225 дан кўпроқ давлатига намойиш қилинади. 

Кўпроқ янгиликлар