Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давом этмоқда. 

Давлат раҳбари Қарши шаҳрида қурилаётган Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиаллари лойиҳалари тақдимотида ҳам иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширишимиз зарур бўлган ишларимиз кўп. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятида ҳам ечимини кутаётган масалалар анчагина. Мавжуд марказлар филиалларини вилоятларда ташкил этиш билан кўплаб масалаларга ечим топиш мумкин, деди Президент. 

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг 150 ўринли Қарши филиалида йилига 700-800 жарроҳлик амалиёти ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Диабетик нефропатия, умумий эндокринология ва диабетология, қалқонсимон без ва диабетик тўпиқ жарроҳлиги каби бўлимларни ўз ичига олган марказ энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланади. 

Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Қарши филиалида клиник-биохимик лаборатория, автоклав, поликлиника, рентген-эндоваскуляр жарроҳлик бўлими, аритмология, артериал-гипертензия, юрак ишемик касалликлари, реабилитация, кардиожарроҳлик бўлимлари ташкил этилади. 120 ўринли марказ жорий йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. 

Президент мазкур лойиҳалар билан танишар экан, бу марказларнинг ташкил этилишидан мақсад аҳолига янада кўпроқ қулайликлар яратиш, уларнинг соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш эканини алоҳида таъкидлади. Бир нарсани эсдан чиқармаслик лозим: марказ ходимлари беморнинг келишини кутиши керак эмас, аҳоли орасида юриб профилактика ва тиббий маданиятни ошириш билан шуғулланиши лозим. 

Давлат раҳбари Қашқадарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг янги биноси лойиҳаси билан танишди. 

Бугунги кунда мазкур шифохона 1990 йилларда қурилган бинода жойлашган бўлиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда бир қанча ноқулайликлар келтириб чиқармоқда. Энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланиши кутилаётган шифохонада вирусли гепатитнинг олдини олиш, диагностика ва даволаш ишлари олиб борилади. 

Президент аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, маҳаллалар, таълим муассасаларида юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб бориш кераклигини алоҳида таъкидлади. 

Шавкат Мирзиёев вилоятда поликлиникалар, туман тиббиёт бирлашмалари фаолиятини такомиллаштириш, тез тиббий ёрдам хизматларини янгидан ташкил қилиш, қишлоқ врачлик пунктларини оптималлаштириш, тиббиётнинг турли йўналишлари бўйича марказлар ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берди.