АҚШ маъмурияти Эронга нисбатан санкцияларни кенгайтириш ва "Ислом инқилоби қўриқчилари" Корпусини (ИИҚК, Эрон ҚКларининг элита қисмлари) террорчилик ташкилоти деб топиш масаласини муҳокама қилишни номаълум муддатга кечиктирди. Ҳарбийлар ва разведка хизматлари Америка маъмуриятини бу каби чоралар акс самара беришидан огоҳлантирган, деб хабар қилмоқда Reuters.

"Агар шундай қилинса, Эрон томони билан бирор мавзуда музокара олиб бориш учун умуман имконият қолмайди", - дея Оқ уйдаги манба сўзини келтиради агентлик. 

Унинг сўзларига кўра, Теҳронга нисбатан қатъий қарашни Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флинн ҳимоя қилар эди. Эндиликда, Оқ уй маъмурияти фикрича, Эрон билан муносабатларни кескинлаштириш ортиқча чора ҳисобланади ва бу ИШИДга қарши курашни мураккаблаштиради.