Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоятидаги Халқ қабулхонасини бориб кўрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йил Ўзбекистонда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинди. Ана шу мулоқотни амалда йўлга қўйиш, инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг янги тизими жорий этилди. 

Давлат раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоятидаги Халқ қабулхонасида ҳам аҳоли учун барча қулайликлар яратилган. Фуқароларни қабул қилиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва сақлаш замонавий ахборот технологиялари асосида йўлга қўйилган. Қабулхона ҳуқуқий адабиётлар, зарур маълумотлар билан таъминланган. Тиббиёт, она ва бола хоналари ташкил этилган. 

Қабулхона Қарши шаҳри Ўзбекистон кўчаси 249-уйда жойлашган. 

Халқ қабулхоналарини халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш, инсон манфаатларини таъминлаш учун ташкил этдик, деди давлатимиз раҳбари. Ҳар бир мурожаат ҳал этилиши, адолат таъминланаётганини одамлар сезиши керак.