Ўзбекистон Президенти 25 февраль куни Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

“Асинза-БЗ” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган, қиймати 8,7 миллиард сўмни ташкил этадиган маданият ва истироҳат боғида шаҳар аҳолиси, айниқса, болажонлар бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва мириқиб дам олиши учун барча қулайликлар муҳайё қилинади. Хитойнинг “Zhengzhou Beston Amusement Equipment Co. Ltd.” компаниясида ишлаб чиқариладиган замонавий аттракционлар олиб келиб ўрнатиш, замон талаблари асосида спорт ва болалар майдончалари қуриш режалаштирилмоқда. 

Асосий мақсадимиз – халқимизни рози қилиш, одамларнинг фаровон яшаши учун барча имкониятларни яратишдир, деди Шавкат Мирзиёев. Одамлар ишдан бўш вақтида бу ерга келиб мароқли дам олса, фарзандлари, набираларининг шўх-шодонлигини кўрса, кулгуларини эшитса, ҳаётдан кўнгли тўлади, руҳи кўтарилиб, янги-янги марраларга интилади. 

Президент боғда яшил майсазорларни кўпайтириш, турфа гул ва манзарали дарахтлар экиш, бу ерга ташриф буюрувчилар учун барча шароитларни яратиш бўйича зарур кўрсатмалар берди. 

Давлат раҳбари Қарши шаҳридаги аввалги “Насаф” стадиони ҳудудида барпо этилаётган кўп тармоқли сузиш ҳавзаси ва замонавий дам олиш мажмуаси лойиҳаси билан танишди. 

4,7 гектар майдонда қурилаётган 25х11 метр ўлчамдаги икки сузиш ҳавзаси ҳудудда сув спорти турларини янада оммалаштириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, келажакда жаҳон ва Олимпия чемпионларини тарбиялашга хизмат қилади. 

Бу ерда яратиладиган замонавий шароитлар барчага манзур бўлиши муқаррар. Сувни тозалаш, иситиш, ҳароратни мўътадил сақлаш ускуналари ўрнатиладиган бассейнлар бу ерга келувчиларнинг сузиш маҳоратини ошириш, соғлиғини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Ёшларнинг баркамол ўсиб-улғайиши учун барча шароитларни яратишимиз керак, деди Президент. Шунда улар Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти таъкидлаганидек, биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлади. 

Мажмуани жиҳозлашда илғор ва тежамкор технологиялардан самарали фойдаланиш, кийиниш, ювиниш хоналарида барча қулайликларни яратиш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.