Туркия ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси 25 февралдан конституцияга ўзгартишлар киритишга доир референдум олдидан тарғибот ишларини расман бошлайди. Шу муносабат билан Анқарадаги спорт аренасида анжуман бўлиб ўтади. Унда партия раҳбари Бинали Йилдирим 40 минг кишилик партиядошлари олдида чиқиш қилади.

Йирик йиғилишга АТП вакилларидан ташқари 400 маҳаллий ва 30та хорижий жамоат ташкилотлари ходимлари ҳам таклиф этилган. Бундан ташқари, 130дан ортиқ элчихоналарга ҳам таклифномалар юборилган. 

Аслида, таъкидлаш жоизки, АТП ва президент Эрдўғаннинг ўзи ташвиқот кампаниясини аллақачон бошлаб юборган. Бугун бўлиб ўтадиган расмий анжуманни расмиятчилик учун ўтказилаяпти, дейиш тўғри бўлади. Конституцияга ўзгартиш киритиш Эрдўған ва АТПнинг асосий ички сиёсий лойиҳаси ҳисобланади. Шунга кўра, бу борада мағлубиятга йўл қўйиб бўлмайди. 

Умумхалқ референдуми 16 апрелда бўлиб ўтади. Ўзгартишларга кўра, Туркияда парламент бошқарувини бекор қилиб, президентлик бошқарувини жорий этиш кўзда тутилган. 1923 йилда Туркия жумҳурияти эълон қилинганидан бери парламент расман олий ҳокимият органи бўлиб қолмоқда. Мустафо Камол Отатурк издошлари учун бу мамлакат сиёсий тизимининг тимсоли ҳам ҳисобланади. У қонунчилик ва мудофаа соҳасидаги қарорларга ҳам тегишлидир. Бундан ташқари, айнан парламент ҳукуматга ишонч билдиради, унинг фаолиятини бевосита назорат қилади, ҳарбий ҳолат эълон қилади. 

Таклиф этилаётган ўзгаришларга кўра, президент ваколатлари бирмунча кенгайтирилади ҳамда у давлат ва ҳукумат раҳбарига айланади. Бош вазир лавозими тугатилади. Президент вице-президент, вазирлар, суд ҳайъатларининг бир гуруҳ аъзолари ва прокурорларни тайинлаши мумкин. У парламент кўриб чиқмасдан ҳам кучга кирадиган фармонларни имзолай олади. Албатта, бу фармонлар парламент ваколатларига зид бўлмаслиги керак. 

Давлат раҳбари, шунингдек, фавқулодда ҳолат эълон қилиши, референдумлар ташкил этиши, давлат бюджети муҳокамасини парламент муҳокамасига киритиши мумкин. У зарур деб топса ўз партиясида қолиш ҳуқуқига эга бўлади.

Янги ислоҳотларга кўра, агар улар референдум орқали тасдиқланса, парламент ва президент ваколатлари муддати 5 йилни ташкил этади. Шу муносабат билан навбатдаги президент ва парламент сайловлари бир кунда 2019 йил 3 ноябрда бўлиб ўтади. 

Дастлабки ижтимоий сўров натижаларига кўра, овоз бериш жараёнида сайловчиларнинг иштироки 80 фоиздан ортиқни ташкил этиши мумкин. Ўзгартиш киритиш тарафдорлари ва қаршилар ўртасидаги нисбат ҳозирча деярли бир хил. Бироқ, кўплаб ижтимоий фикрни ўрганиш марказларининг фикрича, 55 фоиз фуқаро янгиликни маъқуллаши мумкин.