Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған агар парламент ўлим жазоси жорий қилиниши тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад этса, мамлакатда унинг қайтарилиши бўйича референдум ўтказилиши мумкинлигини айтди.    

Аввалроқ Эрдўған 15 июлдаги давлат тўнтарувига уриниш иштирокчиларига нисбатан ўлим жазоси киритиш ҳақидаги қонунни агар парламент қабул қилса, имзолашга тайёрлигини айтганди. 

"Мен ўлим жазоси жорий қилиниши парламент томондан тасдиқланса, унинг қайтарилишини маъқуллайман, деб айтганман. Бироқ муаммо шундаки, бундай ўзгаришлар конституцияга тузатишлар киритишни талаб қилади. Биз агар бу қонун парламент томондан рад этилса, бу масала бўйича референдум ўтказишимиз мумкин. Агар халқ ўлим жазоси қайтарилишига овоз берса, унда бу масалага нуқта қўйилади", деб айтган Эрдўған Манис вилоятидаги намойишда.

Туркияда охирги ўлим жазоси 1984 йилда ижро этилган. 2004 йилда эса ўлим жазоси Европа Иттифоқига кириш стандартларига мос келиш учун бекор қилинган. Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкер агар Туркия ўлим жазосини тикласа, унда Европа Иттифоқи унинг Европа блокига қўшилиши бўйича жараённи дарҳол тўхтатишини айтган.