Зимбабве президенти Роберт Мугабе ўзига ворис тайинламоқчи эмас, мамлакатнинг янги етакчисини танлаш ҳукмрон партия ихтиёрида бўлади. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги  хабар бермоқда

"Одамлар "Президент истеъфога кетишингдан олдин ворис танла" деб айтадилар. Бу мажбурлашга ўхшаб кетмаяптими? Мен партияга кимнидир суқиштираётгандек эмасми? Мен буни истамайман", деб айтди бу ҳафтада 93 ёшга тўлган Мугабе.

Унинг айтишича, президент истеъфога кетадиган бўлса, янги етакчини танлаш масаласи махсус конгрессда кўрилиши керак.

"Бу конгресс ҳал қиладиган масаладир. Биз президент ўз лавозимидан кетадиган бўлса, махсус конгресс чақиртиришимиз мумкин. Бироқ сиз кейинги сайловларда мен сизнинг номзодингиз бўлишим кераклигини айтгансиз", деб таъкидлаб ўтди Мугабе.

Мугабе Зимбабведа кейинги йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этмоқчи. Мамлакатнинг етакчи партияси сайловларда иштирок этиш учун Мугабе номзодини маъқуллаган.

Мугабе дунёдаги энг кекса давлат раҳбари ҳисобланади. У Зимбабвени 1987 йилдан бери бошқариб келади.