Отабек Бекпўлатов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) олий ўқув юртларининг бирида катта ўқитувчи сифатида фаолият бошлаганига ҳали бир йил ҳам тўлмаган эди. Мўмай даромад топишга бўлган иштиёқ уни фирибгарликка ундади, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Талабалардан бири яқин танишининг зарур гапи борлигини айтиб, қўнғироқ қилганида, у “қармоғимга лаққа балиқ илинади, шекилли”, деб хаёл қилганди. Ёз мавсуми бўлгани учун, қабул жараёнлари бошланиб кетган, бунақа пайтда олийгоҳ ўқитувчисига фақат ёрдам сўраб мурожаат қилишлари мумкин.

-  Ёнимга олиб кел, ҳал қиламиз, - деди ўйлаб ҳам ўтирмай. Ўйлаганидек бўлиб чиқди. Ўзини “Икром Пирназаров” деб таништирган йигит яқин танишини ўқишга киритишда ёрдам сўради. “Гап бўлиши мумкин эмас”, деди О.Бекпўлатов тап тортмасдан. “Фақат мен ижодий имтиҳондан ёрдам бера оламан, тест билан ишим йўқ”, деб қўшиб ҳам қўйди.

-  Майли, шу ҳам катта гап – деди И.Пирназаров. – Қандай ёрдам беришингиз мумкин?

-  Тўрт минг АҚШ доллари берсангиз, юқори балл қўйдириб бераман.

И.Пирназаров домланинг таклифига рози бўлди.

-  Пулни тайёр қилиб, келаверинг. Ҳеч қандай муаммо бўлмайди, - деб қолди Отабек.

Аслида О.Бекпўлатов абитуриентнинг ижодий имтиҳонларда қатнашиб, ўз кучи билан юқори балл тўплай олишидан умидвор эди. Чунки абитуриентнинг омади чопмаса, олган пулларини шунчаки қайтариб беришни режалаштирган эди.

Орадан бир неча кун ўтиб, О.Бекпўлатовнинг шогирди қўнғироқ қилди ва И.Пирназаров пулни тайёр қилганини айтган эди, “Бирга олиб келаверинглар”, деб тайинлади устоз.

-  Менинг ишларим кўп эди, Пирназаровнинг ўзи боради, - эътироз билдирди шогирди. Очиғи, у устози абитуриентни ижодий имтиҳонга тайёрлаш орқали ёрдам беради, деб ўйлаганди. Устозининг катта миқдорда пул талаб қилганидан чўчиб қолганди. “Майли” деган жавобдан сўнг И.Пирназаров домлага келишилган пулни олиб бориб берди. Олийгоҳ аудиторияларидан бирида пулни санаб олиб, чўнтагига жойлаб қўйган Отабекнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади.

Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда О.Бекпўлатов ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

О.Бекпўлатов суд ҳукми билан тегишли жазога тортилди.