Калифорниялик 7 ёшли болакай Райан Ҳикман чиқиндиларни қайта ишлашга қизиқиб қолди. Барчаси буюмларни саралашга, кейинроқ эса ресайклингга бўлган қизиқишдан келиб чиқди. Бугунги кунда Райан ўзининг кичик Ryan’s Recycling Company ("Райаннинг чиқиндиларни қайта ишлаш компанияси")ни бошқаради. 

Райан ресайклинг жараёни билан 3 ёшлигидаёқ, отаси билан чиқиндиларни қайта ишлаш марказига борганида танишган. "У деярли ҳамма нарсани саралашни яхши кўради, бунинг устига бутилкаларни идишга улоқтириш жараёни унга жуда ёқиб қолди, - дея сўзлайди боланинг отаси Дэмион. - У ўша пайт икки доллар қўлига тушганидан жуда таъсирланган кўринади. Албатта, бундан кейин майда пулларни саралаш керак бўлади, у саралаш жараёнлари қанча кўп бўлса, шунча кўп завқ олади". 

Экологияни асраш соҳасидаги ушбу илк тажрибасидан кейин уни тўхтатиб бўлмади. Ота-бола уйга қайтишганида у отасига қўшниларнинг чиқиндиларини ҳам йиғиб, саралаб, топшириш истагини билдирди. Шунда ёш ишбилармон катта режаларини амалга оширишга киришиш мақсадида онаси билан қўшниларига чиқиндилар учун махсус қопчалар тарқатиб чиқди ва қайта ишлашга яроқли нарсаларни шунга солишни сўради. 

Ҳозир, 4 йил ўтгач, болакайнинг нолдан бошланган лойиҳаси катта муваффақият қозонди. Унинг компанияси беш туманни қамраб олиб, 40 мижозга хизмат кўрсатади. У чиқиндиларни ўз уйининг орқа томонидаги саккиз контейнерга ажратади. 

Бола ота-онаси билан бир неча ҳафтада бир марта, дам олиш кунлари чиқиндиларни қайта ишлаш марказига бориб, пластик, қоғоз ва шишаларни топширади. 

Стартап ишга туширилганидан буён Райан 22 тонна чиқинди ва 200 минг консерва банкаси ва бутилкани қайта ишлашга топширди. Шуниси диққатга сазоворки, у 1600 доллардан зиёд маблағни хайрия ишларига сарфлади. Қолган пуллар - 10 000 доллар - боланинг келгусида коллежда ўқиши учун ажратилиб, махсус жамғарма ҳисобида сақланади. 

Бу ютуқларидан ташқари, Райан яқинда Тинч океанидаги денгиз сут эмизувчиларини қутқариш бўйича ёш амбассадор этиб тайинланди. У мазкур йўналишда ҳатто шахсий хайрия футболкаларини ҳам яратди.

Шубҳасиз, кўплаб альтруистик қизиқишларга эга Райан ўзининг меҳр қўйган ҳоббиси - ресайклинг ҳақида ҳеч қачон унутмайди. "У бу ишга катта қизиқиш билан ёндашади ва бошқаларга ҳам бу одатини "юқтиради". Бизга-ку аллақачон юқтириб бўлган. Ҳозир биз ҳам кўчада ётган банка ёки бутилкани кўрсак, шунчаки ўтиб кета олмаймиз", - деди Райаннинг онаси Андреа.