Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажот АҚШ президенти Дональд Трампга хат йўллади. У ўз мактубида Қўшма штатларнинг муҳожирлар бўйича сиёсатига тўхталиб ўтган.

ABC News хабарига кўра, ўз мактубида Аҳмадинажот Трампнинг муҳожирлар бўйича фармонини қоралаган ва Вашингтонни бошқа давлатлар ички ишларига аралашишда айблаган.

Аҳмадинажотнинг қайд этишича, Қўшма Штатлар «барча халқларга тегишли», турли миллатларни ҳурмат қилиш керак.

Эроннинг собиқ раҳбари Швейцариянинг Теҳрондаги элчихонасига ҳам мактуб ёзган. Бу элчихона АҚШ манфаатлари билан шуғулланади.

Бундан олдинроқ Эрон ТИВ раҳбари Муҳаммад Жавод Зариф Дональд Трампнинг фармонини барча халқларни ҳақоратловчи фармон деб атаганди.

Дональд Трамп 27 январь куни имзолаган фармонга кўра, Сурия, Яман, Судан, Ливия, Сомали, Ироқ Эрон фуқаролари АҚШга кириши вақтинчалик чекланди. Бундан ташқари, мамлакатга қочқинлар қабул қилиниши тўхтатилди.