Суриялик оператор, «Оскар» мукофотига номзод қилиб кўрсатилган «Оқ дубулғалар» (White Helmets) қисқа метражли ҳужжатли фильмнинг катта қисмини суратга олган Холид Хатиб АҚШга бора олмайдиган бўлди.

Associated Press агентлиги маълумотига кўра, 21 ёшли бу операторга Америка визаси берилган, бу визанинг муддати тугамаган, аммо уни Истанбулдан Лос-Анжелесга учадиган самолётга қўйишмаган.

АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги сўнгги лаҳзада ушбу кинематографистнинг киришини тақиқлашга қарор қилган. Вазирликнинг ички ҳужжатларида айтилишича, тақиққа Хатибга нисбатан топилган «салбий ахборот» сабаб бўлган. Таъкидланишича, бундай таъриф унинг террорчилар билан алоқалари ёки виза режими билан боғлиқ муаммоларини англатиши ҳам мумкин.

«АҚШга сафар қилиш учун амал қилувчи чиқиш паспортига эга бўлиш керак», деган журналистларнинг сўровларига жавоб берган АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги вакили Жиллиан Кристиансен.

Хатибнинг ўзи эса твиттерида қизғин иш туфайли «Оскар»да қатнаша олмаслигини ёзган.

Эслатиб ўтамиз, президент Дональд Трампнинг фармонига мувофиқ, АҚШга 7 мамлакат — Ироқ, Cурия, Эрон, Ливия, Судан, Яман ва Сомали фуқаролари кириши тақиқланган эди.

«Оқ дубулғалар» картинаси «энг яхши қисқа метражли ҳужжатли фильм» йўналишида «Оскар»га номзод бўлган.

40 дақиқа давом этувчи лентада «Оқ дубулғалар»нинг 3 нафар ходими ҳақида тасвирланади. Улар бомбардимонлар остида қолаётган сурияликларга ёрдам бериш учун Туркиядан Сурияга келишади. «Оқ дубулғалар» аъзолари ўзларини кўнгилли қутқарувчилар деб аташади, улар Башар Асад режимига қарши бўлади.

Бундан олдинроқ «Энг яхши хорижий фильм» йўналишида «Оскар»га даъвогар фильмлардан бири бўлган «Коммивояжёр» (Эрон) режиссёри Асқар Фарҳодий АҚШ президенти Дональд Трампнинг қатъийлаштирилган миграция сиёсати туфайли мукофотни топшириш маросимига бора олмаслиги маълум бўлганди. Фильмда бош ролни ўйнаган актриса Таранеҳ Алидўстий ҳам АҚШга боришдан бош тортганди.

«Оскар» мукофоти номзодлари 2017 йилнинг 24 январида эълон қилинганди. Мукофотларни топшириш маросими 26 февраль куни бўлиб ўтади.