Покистоннинг Pakistan International Airlines (PIA) авиакомпанияси Карачи-Мадина рейсидаги йўловчилардан 7 нафари тик туриб кетишга мажбур бўлгани ҳақидаги маълумотни тасдиқламади. Бу ҳақда Франс Пресс агентлиги хабар берди.

Авиакомпания рейсида шундай ҳолат кузатилгани ҳақида Dawn нашри маълумот тарқатганди. Манбанинг ёзишича, январь ойида 3 соатлик рейсни амалга оширган Boeing 777 русумли самолёти бортида белгиланганидек 409 йўловчи эмас, 416 йўловчи учганди. Бортда ортиқча йўловчилар пайдо бўлиши қўлда ёзилган талонларга эга йўловчиларнинг бортга қўйилиши билан изоҳланганди.

Нашр бу ҳодисада авиакомпания ходимлари бир-бирини айблагани, шу туфайли фуқаролик авиацияси бошқармаси ҳақиқий айбдорни топа олмаётганини қайд этиб ўтганди.

Авиакомпания расмийси Даниал Гиланининг айтишича, ОАВнинг бу ҳақдаги хабари "асоссиз ва бўрттирилган".

"Парвоз узоқлиги қанча бўлишидан қатъи назар самолёт бу ҳолатда учишини тасаввур қилиб бўлмайди", деган у.