2017 йил 22 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича  2017-2019 йиллар учун Бош келишув имзоланди.

Бош келишув:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номидан – Бош вазир ўринбосари Танзила Нарбаева;

ходимлар ташкилотлари номидан – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков;

республика иш берувчилар бирлашмалари номидан – Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайховлар томонидан имзоланди.

Бош келишув республикада олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатни умумий тамойилларини белгилайди. Шунинг учун ушбу ҳужжат асоси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947 сонли Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинган. 

Келишув иштирокчилари томонидан иқтисодиётни, маҳаллий ишлаб чиқаришни ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини кўтариш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, иқтисодиётда хусусий мулк улушини ошириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, фаолиятнинг барча соҳаларида давлат иштирокини камайтириш бўйича ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга  доир ишларни ҳамкорликда амалга ошириш кўзланган.

Меҳнатга ҳақ тўлаш,  аҳолининг реал даромадлари ва турмуш даражасини кўтариш масалаларида илк бор ялпи ички маҳсулот таркибида меҳнат ҳақи улушини 30  фоиздан кам бўлмаган миқдорда сақлаб туриш, энг кам иш ҳақи миқдорини белгилаш бўйича уч томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш хусусида келишиб олинди.

Тарафлар энг кам меҳнат ҳақи стандартларига риоя этилиши устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, шунингдек меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг тариф қисми ва тарифга қўшимча қисми ўртасидаги мақбул нисбатни давлат томонидан ва жамоа шартномалари воситасида  ўрнатилишини  таъминлаш зарурлигини тан олдилар.

Меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш масалаларида барқарор иш ҳақини ва ҳавфсиз меҳнат шароитларини таъминловчи доимий иш ўринлари, айниқса қишлоқ жойларида яратилишига,  олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни ҳамда  ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг бошқа тоифаларини ишга жойлаштиришга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Тарафлар Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва Меҳнат вазирлигининг 2016 йил 1 августдаги 27-24 қ/қ – сонли қарори билан тасдиқланган «Фермер хўжаликларида меҳнат муносабатларини тартибга солиш, ходимлар сони ва иш ҳақи фондининг энг кам меъёрларини  белгилаш тўғрисидаги низом» талабларига жойларда риоя этилишига кўмаклашиш мажбуриятини ўз зиммасига олдилар.

Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири деб ҳисоблаган ҳолда, тарафлар ишлаб чиқаришда шикастланиш ва касб касалликларининг олдини олиш, шунингдек, уларнинг пайдо бўлиш сабабларини бартараф этиш ишларини амалга оширишга эътибор қаратиш, меҳнат шароитлари ва муҳофазаси, саноат ва экологик хавфсизлик ҳолатини давлат назорат органлари билан ҳамкорликда текширишни амалда кенг қўллаш мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар.

Иш берувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизими билан тўлиқ қамраб олиниши, меҳнат муҳофазаси бўйича тадбирларни молиялаштириш, иш ўринларини меҳнат шароитлари ва ускуналарнинг шикаст етказиши мумкинлиги бўйича шаҳодатдан ўтказиш, меҳнат муҳофазаси бўйича ваколатли вакилларни сайлаш, ўқитиш, малакасини ошириш ишлари устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш кўрсатмаси берилди.

Ижтимоий кафолатлар ва ижтимоий ҳимоя соҳасида тарафлар бизнеснинг корпоратив ижтимоий масъулиятини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш асосида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали кам таъминланган оилаларга, болали оилаларга, уруш ва меҳнат фахрийларига моддий ёрдам кўрсатиб бориш мажбуриятини олдилар.

Маънавий-маърифий ишлар, жисмоний тарбияни оммалаштириш ишлари, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш масалалари ҳам эътибордан четда қолмади. 

Мазкур йўналишда касаба уюшмалари ва иш берувчилар маънавий-маърифий, маданий-оммавий ва спорт тадбирларини ҳамкорликда ўтказиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар йили маданий дам олдириш, туризм ва соғломлаштиришни ташкил этиш чораларини кўриб бориш, ҳар йили кам таъминланган ва кўп болали оилалар аъзолари, Чернобил АЭСидаги фалокатни бартараф этиш иштирокчилари, байналминалчи жангчилар, ишлаётган меҳнат фахрийлари ва ногиронлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси олдида хизматлари бор шахсларнинг маълум миқдорини санаторийларда бепул соғломлаштириш мажбуриятларини олдилар.

Касаба уюшмалари Федерацияси ёз мавсумида болаларнинг болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олиш ва соғломлаштирилишини ташкил этишга, уларда «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчиларини, шунингдек республиканинг экология жиҳатдан ноқулай  минтақаларида истиқомат қилувчи болаларни соғломлаштирилишига қаратилган тизимли чора-тадбирларни амалга ошириб боради.