Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй Brexit жараёни бошланиши эълон қилингандан кейин Бирлашган Қироллик ҳудудида Европа Иттифоқи фуқароларининг яшаш ҳуқуқларини чекламоқчи. Бу ҳақда The Independent нашри хабар бермоқда.  

Нашр манбаларининг таъкидлашича, ҳукумат мамлакатнинг ЕИ таркибидан чиқиши бошлангандан кейин унга "Болгария ва Руминиянинг ярим аҳолиси" кириб олиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

Маълум қилинишича, бу чора 2017 йил 15 мартдан бошлаб киритилади. Бу санадан кейин Европа Иттифоқининг Буюк Британияга такрор келган фуқаролари доимий яшаш ҳуқуқидан маҳрум этиладилар.

Шу билан бирга Европа паспортларига эга бўлган ва Буюк Британияда яшаётган 3,6 млн киши мамлакатнинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқиши якунлангунгача унда қолишлари мумкин бўлади. Буюк Британия ҳукумати Брюссель томондан Европа Иттифоқида яшовчи 1,2 британияликка нисбатан ҳам шундай чоралар кўрилишига умид қилмоқда.

Ўтган йил ноябрда Мэй Европа Иттифоқи билан Brexit бўйича расмий музокараларни 2017 йил март ойи охирида бошламоқчилигини маълум қилганди.