Мутахассислар аукционда 243 минг долларга сотилган, Адольф Гитлернинг шахсий телефонининг ҳақиқийлигига гумон билдиришди. Бу ҳақда Франкфуртдаги Алоқа музейи вакили Франк Гнегелга иқтибос келтирган ҳолда Frankfurter Allgemeine Zeitung нашри хабар бермоқда.  

"У аниқ қалбакидир. Гитлернинг телефони Siemens&Halske (Германия) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, буникида эса инглиз трубкаси. Ҳеч қачон бундай қилинмаган", деб айтмоқда мутахассис.

Унинг фикрича, аукционда сотилган телефон кейинроқ Буюк Британияда йиғилган.

Шунингдек, телефоннинг қизил рангга бўялгани ҳам шубҳа уйғотган. "Siemens қора телефонни қизил рангга бўямай, уни рангли пластмассадан ишлаб чиқарган бўларди", деб таъкидламоқда Гнегель.

DPA

Унинг қўшимча қилишича, Гитлер рамзи ўйиб туширилган ёзувнинг қизил рангга бўялгани ҳам ўша замонлар руҳиятига мос келмайди.

Гнегелнинг айтишича, қурилма рақамни териш чамбарига эгалиги ҳам шубҳа уйғотади, чунки Гитлернинг телефони ҳамиша телефон станциясига уланган ҳолда бўлган.

Бундан ташқари, Гнегель ушбу телефоннинг Гитлернинг "йўлда ишлатадиган телефони" деб таърифланганини ҳам танқид қилди. "Телефонни йўлга олиш ғояси фақатгина мобиль телефонлардан фойдаланувчи авлоддан чиқиши мумкин. У пайтда вилкали телефон розеткалари бўлмаган. Телефон шунчаки девордаги розеткага уланган бўлган, уни шунчаки ўзи билан олиб кетиш мумкин бўлмаган", деб айтмоқда мутахассис.   

"Гитлер телефони" 19 февралда сотилганди. Аукцион уйи маълумотларига кўра, Гитлернинг номи ўйиб туширилган қурилма вермахтнинг совғаси бўлган. 1945 йилда совет аскарлари уни Гитлернинг бункерида аниқлашган ва кейинчалик британиялик зобитга топширишган. Бу телефон зобитнинг оиласида сақлаб келинган. Ушбу телефон сотилиши вақтида "бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган энг қирғинбарот "қурол" бўлса керак", дея таърифланган.