Италияда террорчилик хавфи мамлакатда "радикаллашув" йўлига кирган ва терактлар амалга оширишга тайёр бўлган шахсларнинг мавжудлиги сабабли "борган сари ойдинлашмоқда". Бу ҳақда Италиянинг хавфсизлик бўйича ахборот департаменти (Dis) ҳисоботида маълум қилинди. 

Италия парламентига юборилган бу ҳужжат илк маротаба 27 февралда мамлакат бош вазири Паоло Жентилони ва Dis раҳбари Алессандро Панса томонидан тақдим қилинди.

Ҳисоботда Яқин Шарқда ИШИДга берилган бир қатор зарбалар оқибатида террорчилар ўз фаолиятларини бошқа ҳудудларда, жумладан Европада "душманга унга ичидан зарба беришга қодирлигини намойиш қилиш орқали уни қўрқитиб ва шу тариқа ўз тарафдорларига кучини исботлаш " учун фаоллаштираётгани таъкидлаб ўтилган. 

Жангарилар бу мақсадларини амалга ошириш учун Сурия ва Ироқдан қайтаётган террорчилардан ташкил топган ячейкалар билан бир қаторда "якка бўрилар" ёки интернет орқали таъсир этилувчи "ўзи ташкил топувчи микрогуруҳлар"дан фойдаланмоқдалар.

Ҳисоботда Италиядаги баъзи объектлар ИШИД жангариларининг нишонлари қаторига кириши мумкинлигига ишора қилинган. Террорчилардан тортиб олинган бир қатор материалларда "катта аҳамиятга эга миллий ёдгорликлар ва йирик миқёсдаги шахслар, жумладан Рим папаси" тилга олинган.