Қирғизистон собиқ президенти Роза Отунбоева парламентдаги мухолиф “Ата Мекен” партияси етакчиси Омурбек Текебаевнинг қўлга олинишини сиёсий қувғин, деб атади ҳамда уни дарҳол озод этишга чақирди. Қирғизистон ОАВлари душанба куни унинг баёноти ҳақида хабар беришди.

Текебаев Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг вақтинчалик сақлаш изоляторида ўзига нисбатан суднинг эҳтиёт чораси кўриш ҳақидаги қарорини кутмоқда. У Бишкек аэропортида Венадан ЕҲХТ парламент ассамблеясидан қайтаётган чоғида якшанба куни қўлга олинди. Аввалроқ республика бош прокуратураси Текебаев ва бир қатор бошқа шахсларга нисбатан “коррупция” ва “фирибгарлик” моддалари бўйича жиноят иши қўзғатди. Бу ҳолат россиялик тадбиркор Леонид Маевскийнинг аризасидан сўнг амалга ошди. Маҳкама маълумотларига кўра, у Текебаев 2010 йилда, Қирғизистон вақтинчалик ҳукумати раиси ўринбосари бўлган пайтда ундан миллион долларни йирик маҳаллий уяли оператор - “Альфа Телеком”ни бошқариш имконини тақдим этиш мақсадида олганини иддао қилмоқда. Маевский иштирок этган сўроқ видеоси интернетда тарқалди.

"Жўгори Кенеш депутати, давлат арбоби, “Ата Мекен” фракцияси етакчиси Текебаевнинг самолёт трапи ёнида худди хавфли террорчи каби қўпол равишда қўлга олиниши, мамлакатдаги ҳукуматнинг ортга қайтариб бўлмас ўзгаришидан далолат берди. Сиёсий қувғин нафақат ҳибсга олишнинг ўзи, балки шахсни обрўсизлантириш бўйича тарғибот машинасининг қандай ишлаётгани ҳамдир. Ишончсиз гувоҳларнинг кўрсатмалари давлат ОАВлари орқали кенг омма онгига сингдирилмоқда. Бу айбсизлик презумпциясини бутунлай менсимаслик”, - дея таъкидланади 2010 йилда собиқ президент Қурмонбек Бакиев ҳокимият тепасидан ағдарилганидан сўнг Қирғизистон вақтинчалик ҳукуматини бошқарган Отунбоева баёнотида.

Отунбоеванинг фикрича, Текебаев Қирғизистоннинг демократик ривожланишига “бебаҳо ҳисса қўшган бўлиб”, 20 йил давомида “ҳаётини хавф остига қўйиб бошқарувнинг оилавий-гуруҳ шаклига қарши курашган”. “Жамоатчилик Омурбек Текебаевни дарҳол озод этилиши ҳамда сиёсий таъқибларни тўхтатишни ҳақли равишда талаб қилмоқда”, - дея маълум қилди у.

Собиқ президент президентлик сайловларидан аввал барча сиёсий кучларни “фуқаролик мажбурияти, ҳушёрлик ва вазминликни” намойиш этишга, ҳукуматни эса – ақл ва жавобгарликка чақирди. “Барча сиёсий кучларга умумий мулоқот, мамлакатдаги вазиятни таҳлил қилиш учун кенг қамровли сиёсий маслаҳатлашувларни бошлаш билан мурожаат қилмоқдаман”, - деди Отунбоева.

РИА Новости’нинг "Ата-Мекен" партиясига асосан хабар беришича, Қирғизистон парламентида айни дамда мухолифат етакчиси қўлга олиниши юзасидан палатанинг навбатдан ташқари йиғилишини чақириш ҳақидаги фракция таклифи муҳокама қилинмоқда.