АҚШ киноакадемиясининг «Оскар» совринларини топшириш тантанали маросимида яна бир кўнгилсиз воқеа кузатилди. Унда ўтган бир йил мобайнида ҳаётдан кўз юмган машҳур инсонлар хотирасига бағишланган In Memoriam номли видеолавҳада қўпол хатога йўл қўйилди, деб ёзади Variety журнали. Унда марҳум кишилар рўйхатида тирик инсон ҳам намойиш этилган.

Сўнгги бир йил мобайнида ҳаётдан кўз юмган кинематографистлар рўйхатида либослар бўйича австралиялик рассом Жанет Паттерсон ҳам киритилган. У тўрт маротаба «Пианино», «Хоним портрети», «Оскар ва Люсинда» ҳамда «Ёрқин юлдуз» фильмларидаги либослар учун «Оскар» мукофотига илгари сурилган.

Шу билан бирга, роликда Паттерсоннинг исми ва касби тўғри кўрсатилган. Бироқ, лавҳа муаллифлари сурат танлашда хато қилишган. Улар Паттерсон ўрнига австралиялик продюсер Жен Чепманни кўрсатишган.

Чепманнинг таъкидлашича, видеода Паттерсон сурати ўрнига ўзининг суратини кўргани сабабли унинг кўнгли «вайрон бўлган». Продюсер либослар бўйича рассомни дўсти ва қадрдони бўлганини таъкидлаган. 

Аввалроқ, «Ой шуъласи» «Оскар-2017»нинг бош совринини қўлга киритгани хабар қилинган эди.