21 февралда Озарбойжоннинг биринчи вице-президенти этиб тайинланган Меҳрибон Алиева ўз лавозимида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш билан шуғулланмоқчи. Бу ҳақда Алиеванинг ўзи "Вести недели" кўрсатувида маълум қилди.  

"Мен эътиборимни ижтимоий масалалар, аҳолининг кам таъминланган қатламлари муаммоларини ҳал қилишга қаратмоқчиман", деб айтган Алиева. Унинг айтишича, уни вице-президент этиб тайинлаш унинг турмуш ўртоғи, Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг шахсий истаги бўлган. "Албатта, бунда мен узоқ йиллардан бери нафақат президентнинг рафиқаси, балки сафдоши бўлиб келаётганим ҳам ўз сўзини айтган бўлса керак", деб таъкидлаб ўтди Алиева.       

Унинг айтишича, у бу лавозимга рози бўлишдан аввал уни президент билан муҳокама қилган.    

Алиеванинг айтишича, "энг асосийси ва энг ёмони – бағритошлик ва лоқайдликдир". "Бу бўлмаслиги керак. Сен жамоат арбоби бўласанми ёки давлат хизматида ишлайсанми, аҳамиятсиз. Ҳар доим инсонийликни сақлаб қолиш керак", деб айтиб ўтди Алиева. 

Озарбойжонда биринчи вице-президент ва вице-президентлар лавозимлари 2016 йил 26 сентябрда ўтган референдум натижаларига кўра конституцияга киритилди. Бу тузатишга кўра, агар президент ўз вазифаларини бажара олмаса ёки ўз ваколатларини муддатдан аввал топширса, бу ваколатлар биринчи вице-президентга ўтади.