Ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, улар орасида бадиий жиҳатдан юксак интеллектуал савияни ўстиришга хизмат қиладиган китобларга бўлган талабларни ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 27-28 февраль кунлари Навоий вилоятида “Ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш” мавзусида Республика семинари ташкил этилди.

Шунингдек, шу йилнинг 12 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.

Семинарни ташкил этишдан асосий мақсад – ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни турли салбий иллатлардан асраб, маънавий дунёқарашини кенгайтириш, китобга бўлган муҳаббатини уйғотишдан иборат.

Таъкидлаш лозим, мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим муассасалари учун ўқув адабиётлари яратиш ва ўқувчиларга етказишнинг мустаҳкам тизими яратилди, бунда Ўзбекистонда таълим берилаётган еттита тилда дарслик ва ўқув қўлланмалари нашр этилмоқда. Ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказларининг моддий-техника базаси янгиланиб, замонавий электрон кутубхоналар тизимлари фаолият кўрсатмоқда.

Келажак авлоднинг бахту камоли, осойишта ва фаровон ҳаётида китобнинг алоҳида ўрни бор. Яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ва эзгуликка ундайди.

Ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини шакллантириш, улар орасида миллий ўзбек адабиёти ҳамда жаҳоннинг машҳур дурдона асарларини тарғиб қилишда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳар йили ёшларнинг талаб ва истаклари асосида ўзбек ва жаҳон ёзувчиларининг “Камолот” кутубхонаси” рукни остида 100 дан ортиқ энг сара асарлари чоп этилади. Шунингдек, ҳудудларда барпо этилаётган “Камолот” китоб дўконлари орқали ёшларга, шу жумладан, уюшмаган ёшларга энг сўнгги чоп этилган нодир асарларни етказишга хизмат қилмоқда.

Семинар доирасида таълим муассасалари, маҳаллаларда ўқувчи-талабалар ҳамда уюшмаган ёшлар ўртасида “Зукко китобхон” интеллектуал турнири, “Камолот кутубхонаси” онлайн викторинаси, “Менинг севимли китобим” номли социологик сўровлар, шоир ва ёзувчилар, театр актёлари билан ижодий учрашувлар ўтказилади.

Семинар якунида фаол иштирокчилар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши томонидан рағбатлантирилади.