ОАВ: Тринидад ва Тобаго радикал экстремизм ўчоғига айланиши мумкин

Жаҳон 27 Февраль 2017 4140

Кариб денгизида жойлашган орол давлат Тринидад ва Тобаго ИШИД террорчилик гуруҳи учун жангарилар “етказиб берувчи” давлатга айланди. Бу эса АҚШ ҳукуматининг ташвишига сабаб бўлмоқда, улар ўз чегараларига яқин жойда экстремизм ўчоғи пайдо бўлишидан хавфсирамоқда, деб ёзади Леонардо Гои InSight Crime учун мақоласида.

Муаллифнинг таъкидлашича, расмий маълумотларга кўра, сўнгги тўрт йилда ушбу мамлакатнинг 125 нафар фуқароси Яқин Шарққа радикаллар сафида жанг қилиш учун жўнаган, шунинг учун 1,3 миллион кишилик аҳолига эга Тринидад ва Тобаго ер шарининг ғарбий қисмида ИШИД учун жангарилар “етказиб берувчи” энг йирик давлатга айланиши мумкин.

Буларнинг бари АҚШ ҳукумати хавотирига сабаб бўлмоқда, улар мамлакатга Яқин Шарқдан қайтиб келганлар орол давлат ҳудудида АҚШ фуқароларига ҳужум қилиши, шунингдек атиги 3 соатлик парвозни ташкил этувчи АҚШ ҳудудига радикаллар бора оладиган экстремизм ўчоғига айланиши эҳтимолидан ташвишда. Баъзи маълумотларга кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп яқинда Тринидад ва Тобаго бош вазири Кит Роули билан музокаралар олиб бориб, унда хавфсизлик ва террорчилик таҳдидлари масалалари ҳақида фикр алмашилган.

Бундан ташқари, орол давлатда ИШИД кўплаб мамлакатлардан фарқли равишда тақиқланмаган, шунинг учун унинг фуқаролари террорчилар олдига бориб, тайёргарликдан ўтишлари, сўнгра Тринидад ва Тобагога қайтиб келиб, қолган фуқаролар каби бир хил ҳуқуқ ва имтиёзларга эга бўлишлари мумкин.

Ҳукумат эса бу жараёнда террорчилик билан кураш бўйича анча қаттиқ чораларни қабул қилмоқда, улар, баъзи маълумотларга кўра, ўз ичига мамлакатдаги турли ҳаракатлари фаол мониторингдан ўтказиш, шунингдек жангариларга маблағлар жўнатишни тақиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳасини ўз ичига қамраб олади. Бундан ташқари, АҚШ Тринидад ва Тобаго ҳукумати билан эҳтимолий янги жангчиларни тўхтатиб қолиш илинжида разведка маълумотлари билан бўлишишни бошлади.

Бу ҳолатда орол давлат фуқароларининг жангарилар сафига қўшилишига нима сабаб бўлаётгани хусусида савол келиб чиқади. Муаллифнинг таъкидлашича, ИШИД Тринидад ва Тобагонинг ёш аҳолисини ўзига жалб этмоқчи бўлган биринчи ташкилот эмас. Мамлакатда бутун Кариб ҳавзаси бўйлаб наркотик моддалар контрабандаси ҳамда савдоси, шунингдек қўшни Венесуэладаги кескинлашиб бораётган иқтисодий инқироз туфайли ўз фаолиятини фаол равишда олиб бораётган кўплаб жиноий гуруҳлар бор.  

Бундан ташқари, ИШИД ушбу давлат фуқароларини ўз таркибига жалб этишга интилаётган биринчи экстремистик ташкилот эмас. Масалан, 1990 йилда “Жамоат ал-Муслимин” радикаллари ҳокимиятни эгаллашга ҳаракат қилиб кўришган.

Нафақат радикаллар, балки уюшган жиноий гуруҳ вакиллари ҳам ишсизликдан азият чекувчи мамлакат ёшларини ёллашга уринмоқда. Мамлакат ҳукумати эса фуқароларни радикал кайфиятга ундовчи шароитларга бор эътиборни қаратиши, шунингдек уларни бундай ҳаракатлардан тўхтатишга уриниши лозим. 

Кўпроқ янгиликлар