Россия президенти Владимир Путин Марказий Осиё бўйлаб турнеси доирасида бугун, 27 февраль куни Тожикистонда бўлди. 

У Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашуви вақтида Тожикистонни минтақадаги тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлашдаги муҳим давлат сифатида қайд этди.

Путин Тожикистоннинг минтақавий масалалар бўйича позицияси Россия учун жуда муҳим эканини таъкидлаган.

«Биз учун минтақавий масалаларда Тожикистон муҳим ўринга эга. Тожикистонни минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдаги муҳим мамлакат деб аташ мумкин. Маълумки, бу ерда бизнинг ҳарбий базамиз жойлашган, бу база Тожикистон ҳамда Россиянинг жанубий ҳудудлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган», — деган россияликлар президенти.

Россия ва Қозоғистон президентлари Владимир Путин ва Нурсултон Назарбоев 26 февраль куни норасмий муҳитда мулоқот қилди. Улар якшанба кунини биргаликда ўтказиб, Олмаота яқинидаги тоғ-чанғи курортида сайр қилишган.

27 февраль кунининг биринчи ярмида, Олмаотада Путиннинг Қозоғистон президенти билан расмий учрашуви бўлиб ўтганди. 

28 февраль куни Владимир Путин Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев таклифига кўра расмий ташриф билан Бишкекка боради.

Путиннинг ушбу уч мамлакатга ташрифи Россиянинг улар билан дипломатик алоқалар қурганига 25 йил тўлишига бағишланади.