Хитойнинг Шанхай шаҳри раҳбарияти жамоат жойларида чекишга тақиқловни бузганларни жаримага тортишни бошламоқда. Бу ҳақда "Синьминьван" портали маълум қилди. Тегишли чора 1 март кунидан кучга кирадиган янги қоидада кўзда тутилган.

Янги қоидага кўра, март ойидан ён-атрофи ёпиқ жамоат жойларида, ресторанларда, офисларда, жамоатчилик транспорти объектларида чекиш тўлиқ тақиқланади. Қоидани бузган юридик шахслар учун 2 минг юандан 30 минг юангача (294 доллардан 4411 долларгача), жисмоний шасхлар учун 50 юандан 200 юангача (7 доллардан 29 долларгача) жарима солинади. Тақиқланган жойларда чекиш ҳолатлари ҳақида шаҳарнинг мутассадди идораларига хабар бериш учун аҳоли ва ташкилотлар учун қайноқ телефон линияси жорий қилинади.