Германия Бундестагидаги “Сўллар” мухолиф партияси депутатлари томонидан мамлакат ички ишлар вазирлигига йўлланган мурожаат бўйича келтирилган рақамларга кўра, давлатда қочқинларга ҳар кунда ўртача 10 бора ҳужум қилишган. 

ИИВ томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2545 тажовузкор ҳаракатлар қочқинлар бошпанасидан ташқарида рўй берган бўлса, 988 ҳолатда бошпаналарнинг ўзига ҳужум уюштирилган (бу 2015 йилдан бироз камроқ – ўшанда 1031та шундай ҳужум юз берган). Ҳужумлар оқибатида 560 нафар инсон жароҳат олган. Шу билан бирга, ИИВда таъкидланишича, бу ўтган йилги ҳолатлар бўйича дастлабки маълумотлар.

- Бу ташвишга сабаб бўладиган жуда ҳам юқори миқдордаги рақамлар – дея маълум қилди ИИВ матбуот котиби Йоханнес Димрот Берлинда журналистлар билан учрашувда. – Бироқ бизда бу ҳолатларнинг ўтган йил билан таққослаганда камайиши туфайли бир қатор умидлар бор.

Аввалроқ 2015 йилда Германия Яқин Шарқдан 1,1 миллион қочқинни қабул қилиб олгани хабар қилинганди. Мамлакат полициячилари эса хорижликларга нисбатан “зўравонлик ҳолатларининг кескин ортиши” ҳақида гапиришган – мамлакатнинг турли қисмларидаги бошпаналарга деярли ҳар бир ҳафта ўт қўйилган.