Хитой иқтисодиётининг режали моҳияти баъзан мамлакатда ҳеч кимга фойдаси тегмайдиган савдо марказлари, микротуманлар ва ҳатто бутун бошли шаҳарлар барпо этилишига олиб келади. Матбуотда улар “арвоҳ-шаҳарлар” деб номланади. The Wall Street Journal нашри шундай иншоотлардан яна бирини аниқлаган. Яқинда, фойдаланишга топширилган аэропорт 230 миллион доллар сарфланган бўлиб, у ҳафтасига учта рейсни қабул қилади, холос. 

Цанъюань-Ва мухтор музофоти — Хитойнинг Мьянма билан чегарадош унча катта бўлмаган ҳудуди бўлиб, унда Ва элатлари истиқомат қилади. 2016 йил декабрь ойида Юньнань вилояти маъмурий марказига бориш учун автобусда 9 соат вақт сарфланарди. Эндиликда, улар Куньмин шаҳригача 45 дақиқада етиб боришлари мумкин. Мамлакат ҳукумати маҳаллий аҳоли учун аэропорт қуришди. Бунинг учун салкам чорак миллиард доллар сарфланди. 

Муаммо шундан иборатки, музофот аксар аҳолисининг Куньминга деярли иши тушмайди. Натижада аэропорт ҳафтасига 3та парвозни қабул қилади. 

Режага кўра, янги аэропорт йилига 270 минг йўловчига хизмат кўрсатиши керак. Агар кунига ҳеч бўлмаганда битта самолёт қўнса лойиҳа қувватига эришилади. Ҳукуматнинг тахмин қилишича, минтақанинг сайёҳлик жозибадорлиги оширилса, кўзланган самарадорликка эришиш қийин эмас. 

The Wall Street Journal газетасининг ёзишича, умуман Хитойдаги йўловчилар оқими йил сайин ортиб бораяпти. Айрим тахминларга кўра, Хитой 2029 йилга келиб йўловчилар сони бўйича фуқаро авиациясининг жаҳондаги энг йирик бозорига айланади. 

Шу билан бирга, Хитойдаги аэропортларнинг 2/3 қисми зарар кўришда давом этмоқда. Чунки, фақатгина йирик шаҳарларда авиация ташуви катта суръатларда ривожланмоқда. Бироқ, Хитой аэропортлар қуришни тўхтатиш ниятида эмас: 21-асрнинг иккинчи ўн йиллиги охирига келиб, мамлакатда жами 260та аэропорт бўлади.  2015 йилда уларнинг сони 207та эди.