АҚШ элчисидан интервью: Ўзбекистон салоҳиятли иқтисодий локомотив ҳисобланади

Ўзбекистон 28 Февраль 2017 7189

Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида муносабатлар ўрнатилганига 25 йил бўлди. Шу муносабат билан АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен "Жаҳон" ахборот агентлиги мухбирининг саволларига жавоб берди. 

"Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўзаро манфаатли ва ҳурмат устига қурилган кенг ва кўп қиррали муносабатларни ўрнатишда катта ютуқларга эришди. Ўн беш йил илгари Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши ҳамкорлик даражасини оширишга ёрдам берди. Буни биз бугунги кунда сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва гуманитар соҳаларда кўриб турибмиз. Мазкур келишув меваларини яқинда АҚШ расмийлари томонидан амалга оширилган олий даражадаги учрашувлар, янги лойиҳаларнинг бошланиши, шунингдек мамлакатларимиз ўртасидаги очиқ мулоқот мисолида кўришимиз мумкин. 

Биз Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда фаолият юритиш мумкин бўлган, эртанги кун эҳтиёжларини инобатга олувчи янги соҳаларни изламоқдамиз", - дея гап бошлади Памела Спратлен.

Мухбирнинг "Ўзбекистон-Америка ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва унинг истиқболларини қандай изоҳлаган бўлардингиз?" деган саволига элчи хоним қуйидагича жавоб берди:

Президент тўнғич Жорж Буш 1991 йилнинг 25 декабрида Ўзбекистоннинг мустақиллигини тан олган. Кейинги 25 йилда эса Қўшма Штатлар Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаб келди. Бизнинг ҳамкорлигимиз АҚШнинг бир неча президент маъмурияти ва Ўзбекистон учун тарихий аҳамиятга эга бўлган ўтиш даврида, яъни 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовннинг ўлимидан кейин Шавкат Мирзиёевнинг президент этиб сайланганидан кейин ҳам давом этиб келмоқда. 

Бизнинг кўп томонлама муносабатларимизда 2015 йилда Самарқандда йўлга қўйилган механизм АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги минтақавий формати бўлди. 

Яқиндагина президентларимиз ўртасида алмашилган мактублар 25 йиллик ҳамкорликни юқори баҳолайди. Бу шунингдек икки томоннинг келгусидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истагидан дарак беради. 

Ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишларидан бири иқтисодий ва савдо-инвестиция соҳаси ҳисобланади. Яқинда Тошкентда Америка-Ўзбекистон Савдо Палатасининг (АЎСП) навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Американинг 30 га яқин йирик компаниялари қатнашди. 

"АЎСП раиси К.Лэмм хоним ўз мурожаатида Америка томон Ўзбекистонни минтақадаги асосий ҳамкор сифатида кўришини ва келгусида ҳам самарали ҳамкорликни кенгайтиришини таъкидлади. Тошкентдаги АЎСП йиғилишини қандай баҳолайсиз? Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида иқтисодий соҳадаги ҳамкорликнинг ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳияти мавжуд дейишга асос борми?", - дея сўради мухбир. 

"Америка-Ўзбекистон Савдо Палатаси форуми каби ҳодисалар икки мамлакат компаниялари вакиллари учун ажойиб имкониятларни тақдим этади. 

Форумдаги иштироким давомида таъкидлаб ўтганимдек, "Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги тижорат алоқалари бизнинг икки томонлама муносабатларимизда муҳим таянч ҳисобланади". Шунга қарамай, мамлакатларимиз ўртасидаги тижорат алоқаларини кенгайтириш учун яна кўп нарса қилиш мумкин. Биз Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишдаги улкан салоҳиятини амалга ошириш учун у билан ҳамкорликни давом эттиришга қатъий қарор қилганмиз. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё "юраги"да жойлашуви савдо-сотиқ учун ажойиб платформани таъминлайди. Марказий Осиё аҳолисининг ярми учун ватан ҳисобланган Ўзбекистон салоҳиятли иқтисодий локомотив ҳисобланади.

Инвестициялар ҳақида гап кетганда, айтиш мумкинки, Ўзбекистонга сармоя киритган ёки ўз маҳсулоти сотувларини йўлга қўйиб, муваффақиятга эришган бир неча Америка компанияси мавжуд. Америка компаниялари аввалгидек Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятидан манфаатдор бўлиб, бу ерда янада фаоллашиш учун шаффоф ва қулай бизнес-муҳити яратилишига умид қилишмоқда", - дея жавоб берди Спратлен хоним. 

АҚШ элчиси маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорлик ҳақида ҳам сўз юритди.

"Биз Ўзбекистон халқи билан АҚШ мусиқаси ва маданиятини бўлишишни яхши кўрамиз. Декабрь ойида Alice Underground иштирокида бўлиб ўтган концертимиз мусиқа қандай қилиб одамларни бирлаштира олиши мумкинлигини кўрсатди. Маданий алмашинув эса - бу икки томонлама ҳаракат йўлга қўйилган кўча. Америкалик рассом ва мусиқачилар бу мамлакатга келиб, Ўзбекистон билан танишувларини қанчалик қадрлашларини айтишади. Улар одамларнинг оқкўнгиллилиги, маҳаллий талабалар ва мусиқачиларнинг истеъдоди ва бу ердаги меҳмондорчиликни алоҳида таъкидлашади.

Ҳамкорликнинг яна бир соҳаси инглиз тилини ўрганиш ҳисобланади. Биз АҚШдан ўқитувчиларни жалб қилиш ва ўқув материалларини тақдим этиш йўли билан Ўзбекистон ҳукуматининг инглиз тилини ўрганиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш имконига эга бўлдик.

Маданий алмашинув ва таълим соҳасидаги ҳамкорлигимизни кенгайтириш учун катта салоҳият мавжуд ва мен Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликни давом эттириш орқали бу йўналишдаги ишларни сабрсизлик билан кутиб қоламан", - дея сўзларини якунлади АҚШ элчиси. 

Кун янгиликлари
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 95709 Жамият
“Менга ҳаловат йўлини кўрсатинг...”. Тўй қилиб қарзга ботган ота уламоларга юзланди
16:00 / 17.08.2017 46537 Жамият
Хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг амал қилиш муддати неча йил бўлади? 
12:01 / 17.08.2017 51713 Ўзбекистон
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 9343 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 20139 Ўзбекистон
Яшнободда автомашина эшигини сих орқали очиб, 1500 долларни ўмарган шахс ушланди
02:51 335 Жамият
Самарқандда жисмоний имконияти чекланган ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди
02:50 159 Жамият
«Барселона» Ла Лиганинг 1-турида теракт қурбонлари хотираси учун махсус либосда майдонга тушади
01:43 682 Спорт
Оқдарёда электр таъминоти корхонасининг порахўр раҳбари ва таъмагир врач қўлга тушди
01:36 876 Жамият
Бразилия полицияси мавжуд бўлмаган спортчиларда пул қилган гуруҳни аниқлади
00:50 550 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар