Туркия Суриянинг Раққа шаҳрини террорчилардан озод қилиш ҳарбий амалиётида иштирок этиши мумкин. Бунинг учун Россия ва АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция билан келишиб олиш зарур, деб баёнот берган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған. Шаҳар ИШИД террорчилик гуруҳининг Суриядаги маъмурий маркази ҳисобланади. 

"Биз Ал Бобни озод қилдик. Энди, заруратга қараб, коалиция ва Россия билан келишган ҳолда, Раққага қарши чоралар кўришимиз мумкин. Бизнинг Россия ва бошқа томондан коалиция, яъни АҚШ билан музокараларимиз жуда муҳим. Биз кузатувчи бўлиб тура олмаймиз. Агар коалиция ИШИДга қарши курашни ҳақиқатдан хоҳлаётган бўлса, келинглар, Раққани ҳам озод этайлик", — деган Эрдўған Анқарадаги матбуот анжуманида Покистонга сафари олдидан. 

Унинг сўзларига кўра, Туркия Сурияда қолишни режалаштирмаяпти. "Улар бизга таҳдид солаяпти. Биз эса ҳеч қандай таҳдид бўлмаслигини, суриялик биродарларимиз ва дўстларимиз билан тинч-тотувликда яшашни истаймиз", — деб қайд этган Туркия етакчиси. 

Эрдўған яна бир бор суриялик курдлар муаммосига эътибор қаратган. Унинг айтишича, қуролланган курд бўлинмалари Манбиж шаҳрини тарк этиб, Фрот дарёсининг шарқий соҳилига чекиниши лозим. Расмий Анқарага кўра, улар ҳам террорчилик ташкилотидир.