Камбожа бош вазири Трампни ОАВ билан жангларида қўллаб-қувватлади

Жаҳон 28 Февраль 2017 2968

Камбожа бош вазири Хун Сен АҚШ президенти Дональд Трампга матбуот билан муаммолари туфайли ачинишини билдирди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

«Дональд Трамп эндиликда, матбуот – бу бир гуруҳ анархистлар эканини яхши тушунмоқда, - дея тушунтирди Сен. — Инсоннинг анархистик ҳуқуқлари – бу миллатни йўқ қилувчи ҳуқуқлардир. Умид қиламанки, бизнинг хорижлик дўстларимиз буни англаб етишмоқда». Бош вазирнинг сўзларига кўра, у Трампнинг ОАВга нисбатан салбий кайфиятдаги муносабатини яхши тушунади.

Камбожага 30 йилдан ортиқ вақт давомида раҳбарлик қилаётган бош вазири Хун Сен уни инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши ва коррупцияда айблаган ОАВ танқидлари билан бир неча бор тўқнаш келган. Ҳукумат раҳбарининг бунга жавобан маълум қилишича, журналистлар миллий хавфсизликка раҳна солишмоқда, уларнинг ўйламай қилган ҳаракатлари ҳамда мақолалари эса янги фуқаролик урушига олиб келиши мумкин.

Хун Сен фуқаролик уруши даврида Қизил кхмерларнинг дала қўмондони бўлган, бироқ кейинчалик Пол Пот билан алоқаларни узиб, Вьетнамга хайрихоҳ бўлган кучлар сафига бориб қўшилган. Ғалабадан сўнг эса ҳукуматда юқори лавозимларни эгаллаб, 1993 йилда монархия тикланганидан сўнг ҳам ҳокимият тепасида қолди. 1997 йилда Хун Сен давлат тўнтаришини амалга оширди ҳамда бор ҳокимиятни ўз қўлига олди.

Кўпроқ янгиликлар