Россия президенти Владимир Путин яқин вақтлар ичида Туркманистонга ҳам ташрифни амалга оширади. Бу ҳақда Кремль сайтида маълум қилинган.

Қайд этилишича, давлат раҳбари Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот чоғида шу ҳақда гаплашган.

Президент маъмурияти маълумотига кўра, Путин ва Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон биргаликда тушлик қилишгач, Туркманистон президенти билан телефон орқали мулоқот ўтказишган.

«Мулоқот давомида Путин Марказий Осиёга ташрифи давомидаги тиғиз график унга Туркманистонга боришига имкон бермаганидан афсусдалигини айтиб ўтди», — дейилган хабарда.

Шу билан бирга Путин Бердимуҳамедовнинг таклифини қабул қилиб, яқин келажакда албатта бу республикага ташриф амалга оширишини ишонч билан таъкидлаган.

Бундан олдинроқ Путин Эмомали Раҳмонни қулай вақтда Россияга бориш учун таклиф қилгани ҳақида хабар берилганди.

Путин Марказий Осиёга сафари давомида Қозоғистон ва Тожикистонда бўлди, бугун у Бишкекка бориб, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашади.