Сеул Пхеньяннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги аъзолигини тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Юн Бёнсе қуролсизлантириш бўйича анжуманда маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters сешанба, 28 февраль куни.

Бунга шимолий кореялик юқори мансабли амалдорларнинг Ким Чен Иннинг ўгай акаси – Ким Чен Намнинг қотиллигидаги эҳтимолий иштироки сабаб бўлди. У Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида 13 февраль куни ўлдирилди.

«VX заҳарли моддасининг ҳаттоки бир неча грамми [унинг ёрдамида Ким Чен Нам ўлдирилди] ҳам оммавий қотиллик учун етарли. КХДРда эса, бизнинг маълумотларга кўра, граммлар эмас, балки тонналаб кимёвий қурол йиғиб қўйилган, улар мамлакат бўйлаб турли жойлардаги омборларда сақланади. Бу қотиллик – барчамиз учун ташвишли қўнғироқ бўлиб, Пхеньян уни фойдаланишдан тап тортмаслигини кўрсатди», - дея маълум қилди Юн Бёнсе.

Унинг сўзларига кўра, «барча халқаро институтлар, хусусан БМТ томонидан жиддий чоралар қабул қилиш имкониятини кўриб чиқиш вақти келди». «Масалан, Шимолий Кореянинг БМТ аъзоси сифатидаги барча ҳуқуқ ва имтиёзларини тўхтатиб қўйиш», - дея таъкидлаб ўтди вазир.

Ким Чен Нам Куала-Лумпур аэропортида - Макаода бўлган оиласи ёнига учиб кетиш чоғида ўлдирилганди. Малайзия соғлиқни сақлаш вазири сўзларига кўра, ўлим VX асаб-фалажловчи заҳарли модда туфайли келиб чиққан фалаж туфайли рўй берган.

Жиноятга алоқадорликда гумонланиб Индонезия, Мьянма (бошқа маълумотларга кўра - Вьетнам), Малайзия, шунингдек Шимолий Корея фуқаролари ҳибсга олинди. Бундан ташқари, КХДРнинг тўрт нафар фуқароси қидирувга эълон қилинди.