Ўзбекистон иқтисодиёт вазирлиги ЯИМнинг ҳар йили камида 7 фоизга ошишига умид қилмоқда

Иқтисодиёт 28 Февраль 2017 4943

Ўзбекистон иқтисодиёт вазирлиги мамлакатнинг Беш йиллик ҳаракатлар стратегияси бажарилишини БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган барқарор ривожланиш мақсадлари дастури билан мослаштирувчи ҳукумат топшириғи лойиҳасини тайёрлади.     

2015 йил сентябрда БМТга аъзо давлатлар етакчилари, жумладан Ўзбекистон раҳбари томондан 17 та глобал мақсад ва 169 та вазифадан иборат бўлган барқарор ривожланиш мақсадларини ўз ичига олган БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартиби қабул қилинганди.    

Ўзбекистон ҳукумати томондан ишлаб чиқилган лойиҳа Ўзбекистон учун мослаштирилган миллий мақсадлар ва барқарор ривожланиш соҳасидаги вазифаларни тасдиқлайди.

Унга кўра, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотни йилига 7 фоиздан кам бўлмаган ва аҳоли жон бошига 2,5 мартадан кам бўлмаган даражада оширишни таъминлаш режалаштирилмоқда.   

Давлат саноатнинг 2030 йилгача ЯИМдаги улушини 40 фоизга етказиш билан унинг барқарор ривожланишига кўмак беради. Бунга қайта ишловчи тармоқларни ривожлантириш, захираларни тежовчи ва экологик хавфсиз технологияларни кенг қўллаш билан янги корхоналар ташкил этиш ва мавжудларини модернизациялаш билан эришилмоқчи.  

Устувор йўналишлар орасида кичик ишлаб чиқариш корхоналари ва микрофирмаларнинг молиявий хизматлар, жумладан қиммат бўлмаган кредитлардан фойдалана олиши, инфратузилма ва саноат корхоналарини модернизациялаш кабилар мавжуд.   

Жорий йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тасдиқлаганди. 

Ушбу ҳужжат ўтказилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлатни ва жамиятни ҳар томонлама ва тезкор ривожланишини таъминлаш учун шароитлар яратиш, мамлакатни модернизациялашнинг устувор йўналишларини амалга ошириш ва турмушнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга қаратилган.

Кўпроқ янгиликлар