Еврокомиссия Brexit сабабли Европа Иттифоқида юзага келган инқироздан чиқишнинг бир неча вариантини ишлаб чиқди. Бу ҳақда Euronews телеканали хабар бермоқда

Еврокомиссия бошлиғи Жан-Клод Юнкер бошчилигида Европа Иттифоқининг Буюк Британиясиз келгуси ривожланишининг 5 та сценарийси яратилди. Улар "Оқ китоб"га бирлаштирилди. Бу ҳужжат 1 мартда имзоланиши керак. Бу ҳужжат Римда 25 мартда ўтадиган Европа Иттифоқи саммитида муҳокама қилинади.

Ушбу сценарийлар қуйидагича номланган: "Камроқ, бироқ самаралироқ қилиш", "Биргаликда кўпроқ қилиш", "Ушбу йўналишни давом эттириш", "Фақат ягона бозор", "Ким кўпроқ олмоқчи бўлса, кўпроқ қилиши керак". Юнкернинг айтишича, "барча муаммосиз бирга ишлаши мумкин деб тасаввур қилинган даврлар ўтди".
 
Таклиф қилинаётган вариантлар Шарқий Европа давлатлари томонидан танқидга учради. Улар Европа Иттифоқи томонидан бериладиган ёрдам пуллари кесиб ташланишидан хавотир билдиришмоқда. Маълум қилинишича, ушбу режалар Европа институтлари тизими ва амалдаги шартномаларнинг жиддий ўзгаришига олиб келмаслиги тахмин қилинмоқда.