Франция 2016 йилда қурол-аслаҳа экспорти бўйича ўзи учун  рекорд кўрсаткичларга эришди. Франция ўтган йил 20 млрд евродан кўпроқ қийматга қурол-аслаҳа сотган. Бу ҳақда Франция мудофаа вазирлиги маълумотларига иқтибос келтирган ҳолда Le Figaro нашри хабар бермоқда

Маълумотларга кўра, йирик шартномалар, жумладан Rafale самолётларининг Ҳиндистонга ва Caracal вертолётларининг Кувайтга етказиб берилиши ҳисобига Франция кетма-кет иккинчи йил қурол-аслаҳа экспортчилари рейтингидаги 2-ўринни сақлаб қолмоқда ва 40-50 млрд долларлик кўрсаткичга эга АҚШдан анча ортда қолмоқда ҳамда деярли Россия билан бир хил даражада.

Таъкидланишича, 2016 йилдаги 20 млрд долларлик кўрсаткич 2015 йилдагидан 3 млрд долларга кўпроқни ташкил қилган.    

Нашрнинг фикрича, Франция 2012 йилда қурол-аслаҳа экспортидан олинадиган даромадлар борасидаги кучли пасайишни бир қатор омиллар эвазига енга олган. "Франция қурол ишлаб чиқарувчилари геосиёсий вазиятнинг ўзгаришидан фойдалана олишган. Террорчилик хавфининг кучайиши, ИШИДга қарши кураш олиб бориш зарурати, Яқин Шарқ минтақасининг барқарорсизланиши, Ҳиндистон-Покистон чегараси ва Хитой чегарасининг бир қатор ҳудудларида тарангликнинг кучайиши бир қатор давлатларнинг ўз қурол-аслаҳа захираларини тўлдиришга интилишларига олиб келди", дейилмоқда нашрда.