Финляндияда миллий партиядан депутатликка қора танли муҳожир-руҳоний номзоди илгари сурилди

Жаҳон 01 Март 2017 1686

Интернет фойдаланувчилари Финляндиядаги маҳаллий депутатлар учун номзодлар орасида – Вааса шаҳрилик қора танли руҳоний борлигини аниқлашди. Йоао Бруно Путулукешо “Асл финлар” партиясидан номзод бўлиб, атроф-муҳит, хорижий талабалар манфаатини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Путулукешо – “Муҳаббат – бу ғалаба қуроли” иборасини ўзига шиор қилиб олди.

“Асл финлар” консерватив партияси Финляндияда машҳурлик даражаси бўйича иккинчи ўринда турувчи сиёсий куч саналади. 2015 йилда ундан бўлган номзодлар парламент сайловларида сеймдаги 17 фоизни қўлга киритишди, бундан бир йил аввал эса Финляндияга Европарламентда ажратилган 13 ўриндан 2тасига эга чиқишган. 2011 йилда The Guardian нашри “Асл финларни” “популистик миллатчилик” вакиллари деб атаганди.

“Асл финлар” сайтида тақдим этилган маълумотга кўра, руҳоний Йоао Бруно Путулукешо уйланган бўлиб, икки фарзанди бор ҳамда беш тилда бемалол гаплаша олади. У сайловларда бош мақсади “Асл финлар” – муҳожирларнинг душмани эмас” эканлигини исботлашдан иборатлигини белгилади. 

Путулукешонинг Фейсбук’даги саҳифасида кўрсатилишича, 2014 йилда у талабаларни хорижий ОТМда таҳсил олишга тайёрлаш бўйича Анголадаги дастурда қатнашган, кейинчалик эса Вааса аниқ фанлар Университетига ўқишга қабул қилинган ҳамда мотоциклларга эҳтиёт қисмлари сотиш билан шуғулланувчи компанияда ишлаган.

Маълумот учун, Финляндияда маҳаллий сайловлар 2017 йилнинг 9 апрель куни бўлиб ўтади. 

Кўпроқ янгиликлар