АҚШнинг 44-президенти Барак Обама (2009-2017) ва унинг рафиқаси Мишель хотираларни ёзишни якунлашаяпти. Улар икки китобга бўлган муаллифлик ҳуқуқини рекорд баҳога – 60 млн долларга сотишни режалаштиришмоқда. Жаҳоннинг бир неча етакчи нашриётлари эса жуфтлик билан битимни имзолашга тайёр, деб ёзади Британиянинг Financial Times (FT) газетаси.

Таъкидланишича, мемуарларни чоп этиш ҳуқуқи учун кураш олиб борувчи энг йирик нашриётлар орасида Penguin Random House, Simon & Schuster, таниқли австралиялик магнат Руперт Мердокка тегишли HarperCollins нашриёт уйлари бор. FT газетасининг ўз манбасига асосланган ҳолда ёзишича, ҳозирда Обамаларнинг хотира китоби учун ҳуқуқни сотиб олишга Penguin Random House яқин турибди. Айни нашриёт Барак Обаманинг аввалги уч китобини ҳам чоп қилган.

Ушбу нашриёт уйи 2004 йилда АҚШнинг 42-президенти Билл Клинтонга "Менинг ҳаётим" таржимаи-ҳоли учун 15 млн доллар тўлаган эди. Американинг 43-президенти Жорж Буш кичикнинг "Бурилиш лаҳзалари" китоби 10 млн долларга баҳоланган. 

Обаманинг "Отамнинг орзулари" (1995) ва "Умид қўполлиги" (2006) китобларига китобхонлар орасида ҳамон талаб кучли. Муаллиф биринчи асари учун 6,8 млн доллар, иккинчиси учун 8,8 млн доллар ҳақ олган. 

FT нашрининг қайд этишича, ҳозирча АҚШнинг 44-президентининг расмий вакили ёки адабий агенти ушбу хабарларга изоҳ бермаган.