Суд Россиянинг Тамбов вилоятида жойлашган колонияда бўлган Ўзбекистон фуқаросини 29 йил ва 10 ойлик колония жазосига маҳкум этди. У жазони ижро этиш муассасасидаги мусулмонларни ИШИД сафига ёллаган.

Федерал хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон фуқароси 1989 йилда туғилган Г.Отахонов 17 ёшидан “Таблиги жамоат” халқаро диний ташкилотга аъзо бўлган шахслар билан алоқада бўлган. 2011 йилда у Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка тортилишдан қочиб Москва вилоятида яшай бошлайди. ФХХ бошқармасининг таъкидлашича, шу билан бирга, Отахонов “Таблиги жамоат”нинг Москва шаҳридаги бўлинмаси таркибига кирган, бу ташкилот эса Россияда тақиқланган.

“У “жамоат”нинг бошқа иштирокчилари билан бирга ИШИДга содиқлигини билдирган. Унинг вазифасига Россия Федерацияси ҳудудида сохта пул қоғозларни ўтказиш бўйича функциялар кирган. Бундан тушган маблағлар эса ИШИДни молиялаштиришга кетган”, - дейилади ФХХнинг ҳудуд бўйича бошқармаси хабарида.

2013 йилнинг январида Отахонов Владимир вилоятида қўлга олинди ҳамда сохта пул ёки қимматли қоғозларни тайёрлаш, сақлаш, олиб ўтиш ёки ўтказиш ҳамда сохта ҳужжатдан фойдаланиш моддалари бўйича жавобгарликка тортилди ва 3 йилга умумий тартибдаги колонияга ҳукм қилинди. 2014 йилда у Тамбовнинг Советский тумани суди томонидан сохта пулларни тайёрлаш, сақлаш ва ўтказишда яна айбдор деб топилди, ҳамда тўрт йилга умумий тартибдаги колонияга ҳукм қилинди.

“Тамбов вилояти ҳудудидаги жазони ижро этиш муассасаларида бирида у Тожикистон фуқаролари билан танишиб қолади ҳамда уларни ИШИД томонида жанговар ҳаракатларда иштирок этишга даъват қила бошлайди. У камерадошларини “ғайридинлар билан уруш” олиб бориш, бутунжаҳон халифатини қуриш кераклигига ишонтирмоқчи бўлган ҳамда Сурия ва Ироқ ҳудудларида жанг олиб бораётган шахслар ҳақида видеороликлар кўрсатган”, - деб хабар берган ФХХ.

Куч маҳкамаси маълумотига кўра, Отахонов Тожикистоннинг уч нафар фуқаросига ИШИДга содиқлик билдиришни таклиф қилиб, озодликка чиқарилишларидан аввал Россия бўйлаб ҳаракатланиш йўналишлари, беркиниш усуллари, шунингдек уларга Сурияга боришда ёрдам бериши мумкин бўлганлар ҳақида айтиб берган. Тожикистон махсус хизматлари билан ўзаро ҳамкорликда ёлланган шахслар қўлга олинди, 2016 йилнинг февралида эса ФХХ Отахоновга нисбатан “террорчилик фаолиятига кўмак бериш” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатди.

“Москва округ ҳарбий суди томонидан Отахонов Г.З. айбдор деб топилди... унга олти йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди... Жиноятларни умумлаштирган ҳолда Отахонов Г.З.ни 29 йил ва 10 ойга озодликдан маҳрум этиш белгиланди. У жазо муддатини қаттиқ тартибдаги колонияда ўтайдиган бўлди”, - дейилади хабарда.