«Челси» бош мураббийи Антонио Конте ёзда бошқа жамоа бошқарувини қўлга олишга розилик билдирган.

Football Italia нашрининг Tuttosport‘га асосланиб хабар беришича, 47 ёшли мутахассис «Интер»нинг янги раҳбари, Хитойнинг Suning компанияси томонидан таклиф қилинган маош миқдори йилига 15 млн еврогача оширилганидан сўнг бу таклифга розилик билдирган.

Яқин орада, Suning ҳуқуқшунослари «аристократлар» хўжайини Роман Абрамович билан мураббийнинг шартномасини бекор қилиниши юзасидан музокаралар олиб бориши кутилмоқда.

Контенинг «Челси»дан кетишига сабаб сифатида, мутахассиснинг клуб раҳбарлари билан яхши муносабат ўрната олмагани кўрсатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Челси» АПЛнинг 26 туридан кейин 63 очко жамғариб пешқадамлик қилмоқда. Жамоа энг яқин таъқибчисини 10 очкога ортда қолдириб кетган.

Конте илк мавсумдаёқ миссияни якунлаб, Италияга қайтиши мумкин