Одамовилик, билакдаги жароҳат ва кит сурати: фарзандингиз жиддий муаммо ичида

Жамият 01 Март 2017 42568

Айни кунларда барчанинг диққат марказида “Кўк кит” ўйини ва шу ўйинга турдош бошқа ўйинлар мавзуси бўлиб қолди. Журналистлар, блогерлар ва турли соҳа одамлари томонидан бу ҳақда жуда кўплаб материаллар, видеороликлар ва мақолалар тақдим этиб келинмоқда. Бу ўйиннинг тарихи қандай, унга илашиб қолганларни қандай ажратса бўлади ва энг асосийси ундан эмланиш учун нима қилса бўлади? Бугун имкон қадар ана шулар ҳақида сўз юритишни лозим топдик.

Фитнанинг бошланиши

Келинг, бироз олисдан бошлаймиз. 2015 йилнинг ноябрь ойларида интернет тармоғида анча шов-шувга сабаб бўлган сурат пайдо бўлди. Унда Россиянинг Уссурийск шаҳрида яшовчи 1998 йилда туғилган Рина Паленкова исмли қизнинг поезд ёнида турган сурати акс этган.

Орадан кўп ўтмай, қиз ўша ерда ўзини вагонлар остига ташлайди. Айримлар бу ҳолатни ўз жонига қасд қилиш учун тарғибот воситаси сифатида талқин этган бўлса, бошқа бировлар буни ҳақиқат, деб қабул қилди. Демак қайсидир маънода ўсмирларни ўз жонига қасд этишга даъват қилувчи ва буни интернет орқали тарғиб этувчи ҳаракат 2015 йилдан бошланган эди.

2016 йилнинг декабрь ойида Россиянинг марказий шаҳарларидан бирида 12 яшар Элина исмли қиз ўзини кўп қаватли уйнинг томидан ташлади. Қизнинг онаси бу ҳақда ўз фикрларини баён этди. Аёлнинг фикрича, бу ишда қизига кимдир ёрдам берган, унинг айтишича интернет орқали ўсмирлар онгини заҳарлаётган ёвуз кучларнинг бунга алоқаси бор.

Домига илинтирувчи тўрлар

Рина Паленкованинг ҳалокатидан сўнг, турли ижтимоий тармоқларда, жумладан, “ВКонтакте”да Ринанинг номидан гўёки “сиз навбатдагиси”, деган маънода ”F57” деган гуруҳ очилди ва оилавий ҳаёт жонига теккан, ҳиссиётга берилган, ўта таъсирчан бўлиб қолган, ўткинчи муҳаббатдан боши айланиб юрган, хуллас, ўсмир ёшидаги йигит-қизларни ўз ичига қамраб ола бошлади.

Шундан сўнг, бирин кетин “Синий кит”, “Тихий дом”, “Морекитов”, “Разбуди меня в 4:20” сингари гуруҳлар очилиб, ўсмирларни ўз ичига торта бошлади. Бу ўсмирлар орасида шу даражада оммалашдики, улар ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаларида бу гуруҳларга аъзо бўлиш истагини билдириб, турли ёзувлар қолдира бошлашди.

Ўйин бошланди

Эшитганда оддий кўринадиган ва ҳатто номлари ҳам кишини ваҳимага солмайдиган бу гуруҳлар аслида ҳақиқий разолат эди. Гуруҳга аъзо бўлиб кирганлар гуруҳ бошлиқларининг (куратор) вазифасини тонгги 4:20да қабул қилиб олишар, вазифа бажарилганини эса суратга ёки видеотасвирга олиб кураторларга юборишар эди. Вазифалар бошида жуда оддий эди: турли тасвирлар чизиш, тананинг бирор аъзосига гуруҳнинг номини ручка ёрдамида ёзиш, ўзини ўлдириш мумкин бўлган буюмлар: пичоқ, арқон ва шунга ўхшаш воситаларни ушлаб суратга тушиш ва ҳоказолар. Аммо... Босқчима-босқич ўтиб борилаверган сари шартлар шунчалик вахшийлашиб боради. Яъни, бармоқларга игна санчиш, лизва воситасида терини тилиш, 2-3 метр баландликдан сакраш, машиналар тез-тез қатнаётган йўллардан югуриб ўтиш, вена томирларини кесиш, кит расмини баданга қонатиб чизиш ва ҳоказолар. Бора-бора зомбига айланиб қолган ўсмир ўз жонига қасд этади ва ўйинни “қаҳрамон”ларча якунлайди.

Хўш, оғир шартларга чидаш бера олмай, ўйинни тарк этишни мақсад қилган иштирокчини нима кутади? Аввало, қатнашчи куратор томонидан доимий назорат қилинади. Агар тонгги 4:20да ухлаб қолиб, вазифалар олинмаса, қатнашчи гуруҳ бошлиғидан жуда қаттиқ гап эшитади. Қолаверса, кураторлар ўсмирларни доимий равишда босим остида ушлашади, яъни таҳдид билан. “Ота-онангни қайтиб кўришни истамайсанми?”, “Уканг (синглинг) уйга қайтиб келмаслиги мумкин, унинг ўлимида сен айбдор бўласан” ва шунга ўхшаш руҳий таъсир этувчи гаплар билан иштирокчилар онги муттасил заҳарланиб келинади. Қўрқув ва таҳликалардан довдираб, нима қилишини билмай қолган иштирокчи охир-оқибат ўз жонига қасд этади.

Бундан ташқари, ушбу разолат ташкилотчилари ўсмирларни доимий равишда руҳий назорат қилиб туришлари учун ўз гуруҳларининг ғоясига хизмат қилувчи турли мусиқа ва видеоўйинларни иштирокчиларга юбориб туришади ёки тавсия этишади. Бу мусиқалар ва видеоўйинлар шу даражада тушкин, ваҳимали ва ноодатийки, ўсмирлар улар таъсирига зумда берилишади.

Айни кунларда, бу ўйин бутун МДҲ давлатларига хавф солмоқда.  “ВКонтакте” ижтимоий тармоғида бу ва шунга ўхшаш гуруҳлар блоклаб ташланди. Аммо “Югур ёки ҳалок бўл” ёки шунга ўхшаш номли ўйинлар яна пайдо бўлмоқда. 

Ўзимизда нима гаплар?

Ўзбекистон аҳолисининг кўп қисмини ёшлар ташкил этади. Яратганга шукр-ки, ёшларимиз қадриятларимизга, миллий анаъналаримизга уйғун равишда замонавий дунёда тарбияланишмоқда, вояга етишмоқда. Улар мафкураси мустаҳкам, ўзига ишонган ва келажагига бефарқ бўлмаган ёшлардир. Аммо гуруч кўрмаксиз бўлмайди, албатта. Фактларга эътибор қаратадиган бўлсак, “ВКонтакте” ижтимоий тармоғи Ўзбекистонда оммавийлашмаган, балки бошқа бир мессенжер, яъни “Телеграм” урфда. Ана шу мессенжерда ўзига “Я кит”, “Синий кит”, “4:20” ва шунга ўхшаш номлар ва қонаган қўллар, вахший, тушкун ва китнинг суратларини қўйиб олган фойдаланувчиларни учратиш мумкин.

Мақола тайёрлаш жараёнида ўзига “Я кит” деб ном қўйиб олган “Телеграм” фойдаланувчиси билан суҳбатлашиб қолдим. Ўзининг айтишича, исми Шохнур, ёши 17да, хоразмлик. Бу ўйинни анчадан бери ўйнайди. Қоп-қоронғи хонада тундан эрталабгача ўтириш шартидан ўта олмаётган экан. “Бу ўйиннинг охири фожиа билан тугаши мумкин-ку, нима қиласиз ўйнаб?”, деб сўрасам “Мен ўлмайман, шу ўйиннинг охиридан барибир ўтаман”, дейди. 

Яна бир ўсмир билан гаплашиб қолганимда у шундай деди: “Илгари бу ўйинни ўйнагандим, 40та шартидан ўтдим, қолганига кучим етмади. Серқатнов йўлда туриб олишингиз керак. Омадингиз чопиб, машина тормоз бериб қолса, кейинги босқичга ўтасиз, бўлмаса ўлиб кетасиз. Тошкентда энг рекорд 530та шартни бажарган бир бола боряпти. Битта танишим 500тада ўлиб кетди”.

Аммо Тошкент шаҳри ИИБ томонидан берилган расмий маълумотларга кўра, бундай ўлим ҳолатлари кузатилмаган. Мен билан гаплашган ўсмирлар юқорида баён қилганим - гапларни ёлғон тўқиб айтишаётгандир, балки олифтагарчилик қилиб ўзларини қаҳрамон кўрсатишга уринишаётгандир, аммо ўлим, разолат ҳақида жўшқириб гапиришлари, ўйин босқичларидан ўтишни катта натижа, деб қарашлари кишини ташвишга солади.

“Китчилар”ни қандай ажратса бўлади?

Статистик маълумотларга кўра, бу каби ўйинларга, асосан, ўсмирлар, яъни ёши 9 ёшдан 20 ёшгача бўлган йигит-қизлар жалб этилади. Шу ўринда ота-оналар диққатига! Бу каби қабиҳликларга алоқаси бор ўсмирда қуйидаги аломатлар пайдо бўлади: 

- Қўллари, баданларида қонталаш ҳолатлар (асосан, кесилган, ўткир тиғ билан қилинган жароҳатлар бўлади);
- Дафтарлари, китоблари, хоналарида, қўлларида ёки баданларининг бирор жойида китнинг ёки қандайдир сўзларнинг сурати туширилган бўлади;
- Уйқусизлик доим безовта қилади (чунки ҳар куни тонгги 4:20да уйғониб, шартларни қабул қилишга тўғри келади);
- Тушкун, иштаҳаси йўқолган, гап кўтара олмайдиган, одамови бўлиб қолишади;
- Тонгда доим бир хил вақтда – 4:20да уйғонишади;
- Ноодатий, ваҳимали мусиқалар, фильмлар кўришга одатланишади.

Нима қилиш керак?

Фарзанд тарбияси ўта масъулиятли, керак бўлса орзулардан, ҳаваслардан кечиб бўлсада бажариладиган юмушдир. Бунга бефарқлик аянчли оқибатларга олиб келишига барча гувоҳ бўлган. Фарзанд тарбиясида (менинг фикрим) Европа ёки турли давлатлар усулларини эмас, асосан, ўзимизни миллий, ота-боболаримиздан қолган ўзбекона услублардан фойдаланиш керак. Бунинг учун, аввало, ота-онанинг ўзи ҳам тарбияли, илми бўлиши даркор. 

Фақатгина илм ҳар қандай мушкулотга, муаммога ечим бўла олади. Ота-она, шу билан бирга, фарзанд ҳам ўзида илм эгаллашга рағбат пайдо қилиши керак. Бугунги замонда эътиборсизлик ҳалокат деганидир. Ота-она ён-атрофида бўлаётган ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги, шунга кўра ҳаракатланиши, маънавиятни барча нарсадан устун қўя билмоғи керак.

Россияда 2016 йил ноябрь ойида ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолати бир мунча кўпайган пайтда, квестларни яратувчиси Филипп Лис шахси аниқланиб, асли исми Филипп Будейкин бўлган  ўспирин Россия ФХХ томонидан қўлга олинган эди. Ундан нега бу ишларни қилишини сўрашганида, шундай жавоб қайтаради: “Шунчаки машҳурлик учун”.

Филипп Лис

Келинг, ҳурматли ота-она, фарзандимиз ана шундай шахслар чангалига тушиб қолмаслиги учун ҳаракатни ҳозирдан бошлайлик!

Сарвар Анвар ўғли

Кун янгиликлари
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 30724 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 16873 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 66348 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 57557 Жамият
Трамп АҚШ ҳукуматини ёпиш билан таҳдид қилди
10:50 2233 Жаҳон
Самарқанд вилоятида 6 миллион доллар қийматидаги трансформаторлар ишга туширилди
Трамп: Ким Чен Ин АҚШни ҳурмат қилишни бошлади
10:30 3095 Жаҳон
Шайхонтоҳур туманидаги қасддан одам ўлдириш фош этилди
10:27 2725 Жамият
Фарғонада ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган халқ таълими мудираси ишдан олинди
Тожикистон-Хитой товар айланмаси 3 йилдан сўнг 3 млрд долларга етади
10:18 714 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар