Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қурилиши тугалланмаган объектлар ва бўш турган саноат майдонларини ўз назоратига олмоқда. Бу ҳақда Podrobno.uz Давлат рақобат қўмитаси матбуот хизматига асосан хабар бермоқда.

Давлат раҳбари “Ишлаб чиқариш объектларидан тадбиркорлар фойдаланишини янада рағбатлантириш тўғрисида” қарор қабул қилди. Ҳужжат қурилиши тугалланмаган объектлар ҳамда фойдаланилмаётган саноат майдонларидан самарали ва рационал фойдаланиш учун ижобий муҳитни яратишга, керакли сармоялар киритиш, замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек янги иш ўринларини ташкил этишга мўлжалланган.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, тижорат банклари қарорни ижро этиш доирасида юридик ҳамда жисмоний шахслар, шунингдек қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмайдиган саноат майдонлари асосида инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи ижарачиларга имтиёзли кредитлар тақдим этади. Кредитлар 12 ойлик имтиёзли давр билан 5 йилга қадар бўлган муддатга ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасидан ошмайдиган ставкада берилади. 

Ҳужжатда инвентаризациядан ўтказиш ҳамда қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмайдиган саноат майдонларини аниқлаш бўйича ҳудудий Идоралараро комиссиялар ташкил этиш назарда тутилган. Давлат рақобат қўмитасининг тегишли ҳудудий бошқармалари уларнинг ишчи органлари сифатида белгиланди.

Идоралараро комиссиялар қурилиши тугалланмаган объектлар ҳамда фойдаланилмайдиган саноат майдонларини белгиланган ҳудудда аниқлаш, уларнинг эгалари билан ишлаб чиқариш ёки хизматлар соҳаси объектларини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек янги иш ўринларини ташкил этиш билан шуғулланади.

Бундан ташқари, юқорида келтирилган чораларни амалга ошириш бўйича “йўл хариталарини”, шунингдек аввал хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган объектлар ҳамда фойдаланилмайдиган саноат майдонларини хўжалик фаолиятига жалб этишни тезлаштириш механизми Схемасини ҳам тасдиқлаш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йилларда беш йўналиш бўйича ривожланиши Ҳаракатлар стратегиясига кўра, давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнини кенгайтириш ҳамда енгиллаштириш, шунингдек хусусийлаштирилган давлат мулки объектларида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун ижобий муҳитни яратиш назарда тутилган.

Аввалроқ Стратегиянинг устувор йўналишларини самарали амалга оширишни таъминлаш мақсадида кичик бизнесни ривожлантириш Кафолат жамғармаси ташкил этилди ҳамда давлат мулки объектларини тадбиркорлик мақсадида ишлатилиши учун реализацияси жараёни соддалаштирилди. Бу қарор Стратегияда белгиланган чораларни амалга оширишда навбатдаги қадам бўлди.