Дональд Трампнинг яқин орада имзолаши кутилаётган янги иммиграция фармони Америка визалари ҳамда Green Card эгаларига таъсир қилмайди. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетасида сўз юритилмоқда.

АҚШ президентининг аввалги иммиграция фармони аксар аҳолиси мусулмонларни ташкил этувчи етти мамлакат фуқароларининг мамлакатга киришини тақиқлар эди. Бунда виза олганлар ва Green Card соҳибларига ҳам Америкага кириш мумкин эмас эди. Кейинроқ, Вашингтон маъмурияти вақтинча яшаш ҳуқуқига эга бўлганларга ён беришга мажбур бўлди. 

Нашрнинг хабар қилишича, янги фармонда, шунингдек, диний камсонли кишиларга қочқин мақомини бериш бўйича мурожаатларни биринчи галда кўриб чиқишга доир банд ҳам бўлмайди. Тахминларга кўра, Трамп янги фармонга бугун, 1 март куни имзо чекиши кутилмоқда.