Бугунги глобаллашув замонида ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун мислсиз кураш бормоқда. Ҳаётнинг турли соҳаларида намоён бўлаётган бундай хуружлар, айниқса, ахборот соҳасида энг авж палласига чиққан. Чунки, айни пайтда, ушбу соҳа кириб бормаган дунёнинг бирор нуқтасини топиш мушкул. Бошқача айтганда, қаердаки электр манбаи булса, у ерда ахборот алмашуви юз бермоқда, кишилар ҳар қандай янгиликдан бир зумда бохабар бўлишмоқда.

Аммо, «танганинг иккинчи томонини» ҳам унутмаслик лозим, барча ахборотни ҳам фойдали ва холис деб баҳолаб бўлмайди. Таъбир жоиз булса, уларнинг кераклисидан кераксизи, фойдалисидан хавфлилари кўпроқдир. Ёшлар ижтимоий тармоқларсиз ҳаётини тасаввур эта олмайдиган, бу ҳол кундалик одатга айланган бир пайтда, бундай жараён кишини мушоҳадага чорлайди, сергак торттиради. Ҳаёт тажрибаси ва билими етарли бўлмаган ёшлар бу уйдирмаларни, «усти ялтироқ, ичи қалтироқ» чорловларни реал ҳақиқат сифатида қабул қилишмаяптими? Уларга кўр-кўрона эргашилмаслигига ким кафолат беради? Айрим бузғунчи мафкуравий марказлар томонидан илгари сурилаётган «оммавий маданият» деб ном қозонаётган унсурлар келажак авлодни ғаразли мақсадларга етаклаб, айрим гуруҳларнинг бойишига хизмат қилаётгани кундай аён. Ачинарлиси, миллий қадриятларни сўндириб, инсонни соғлом ҳаёт, теран фикрлашдан йироқлаштиришга уринаётган бундай иллатлар миллат илдизига, маънавиятга болта бўлиб урилмоқда.

Интернет чангалзорларидаги «саргузашталар» 
Ижтимоий тармоқлар катта имкониятлар ҳадя этаётгани билан ҳам эътиборда. Жумладан, улар «бозор» вазифасини ҳам бекам-у кўст бажармоқда. Аммо, бундай виртуал «гипермаркет»ларнинг маҳсулотлари одатий бозорлардагидан фарқ қилади. Яъни, уларнинг маҳсулотлари турли-туман ахборотлар йиғиндисидан иборатдир. Бундай ахборотлар олами ажабтовур дунёни ҳосил этади. Кузатасиз – сохталик, қаллоблик, ёлғон совға, хиёнат, нафрат, пасткашлик, чайқовчилик, даъват, чорлов, таҳқирлаш, камситиш каби манзаралар.

Жаҳондаги миллионлаб кишилар аллақачон ушбу тармоқлардан бирининг асирига айланган. «Одноклассники.ру» ижтимоий тармоғи ана шулардан бири. Юртдошларимиз орасида ҳам мана шу тармоқнинг «шинаванда»лари талайгина. Негаки, инсонларни ҳаётий ташвишлардан, кундалик югур-югурлардан чалғитишда, ҳар қандай қадрият ва инсоний туйғуларга енгил-елпи қарашга ўргатишда ижтимоий тармоқлар энг самарали «қурол» бўлиб хизмат қилмоқда. Кўп кузатамиз: ижтимоий тармоқларда, хусусан, «однаклассники.ру»да мактаб ўқувчиларидан тортиб, катта ёшли инсонларнинг «профили» ҳам мавжуд. Уларнинг номлари ҳам ниҳоятда ғайриоддий: «Сенга муҳтожман», «Я просто Хулиган», «Юрагингни ягонасиман», «Исмимни қалбинга ёз», «Отасини эркаси», «Севги йўлида Мажнунингман» ва ҳоказо. Айримларини ҳатто ўқишга ҳам уялади киши. Ваҳоланки, исм ва насаб ёзилиши керак бўлган «профил»ни бундай номлар билан аташ янада эътибор тортади, кўпроқ «дўст» жалб этади. Муқаддас тушунчалар тўғрисидаги ёшларнинг бир-бири билан алмашаётган саёз фикрларидан даҳшатга тушмасликнинг иложи қолмайди. Имло қоидалари эса гўё виртуал дунёда ҳеч қандай аҳамиятга эга эмасдек. Шахсий «профил»ларга қўйилган суратларда беҳаёлик, андишасизлик, зўравонлик уфуриб туради. Энг ёмони, «оммавий маданият» ниқоби остида башарият таназзулини истовчи бузғунчи кучлар ҳаёт давомийлигининг энг асосий бўғини – оилани пароканда этишга киришишган.

Улар ёшлар онгига оила кўрмасликни, инсон қандай хоҳласа, шундай яшашга ҳақли эканлигини, оила барча ташвишлару бахтсизликларнинг асоси эканини тарғиб этмоқда. Тармоқларда ёшлар турли янгиликларга «класс» босишади, яъни, янгиликларга «аъло» дея муносабат билдиришади. Аммо, қандай хабарлар уларни ўзига жалб этаётгани, қайси мавзулар, аниқроғи, қандай ғоялар уларни ром этаётгани жуда аянчли. Жумладан, машҳур ғарб қўшиқчисининг икки нафар фарзанди – ўғли ва қизи эндиликда эру хотин, бир ота-онадан туғилганлар тез кунда никоҳларини расмийлаштиришар экан. Уларнинг «тўй»ларига ҳатто кимлар келиши ҳам маълум, ҳаммаси эътиборли маданият вакиллари… Ушбу хабарнинг ўзи қисқа фурсатда 11 минг «класс» тўплаган. Демак, шунча кишига, аниқроғи, ёшларга манзур бўлган.

Инсон шаънига иснод келтирувчи, асл туйғуларни поймол этувчи бундай маълумотлар шу қадар кўпки, ёқа ушлайсан. Улардан ёшларни ҳимоялаш, тўғри ва нотўғри, яхши ва ёмон, оқ ва қорани ажрата билишни ўргатиш, ёшларда маънавий иммунитетни кучайтириш бизнинг жамиятимизда бугунги куннинг долзарб вазифаларидан.

Зотан, жонажон мамлакатимизда оила муқаддас саналиб, у – жамиятнинг муҳим бўғини, бахт ва саодат ошёнидир. Биринчи Президентимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида таъкидланганидек: «…бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд бор, деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди», деган пурмаъно ҳикматининг қадри жуда баланд.

«Ўргимчак тўри» болаларни ҳам чирмаябди…
«Ўргимчак тўри» болаларни ҳам чирмаб улгургани рост гап. Мурғак ўғил-қизлар ҳам турли янгиликлар оғушида. Компьютер клубларидан бирида гувоҳи бўлганим бир воқеа анча вақтгача хаёлимдан кетмади. У ерда асосан кичик ёшли мактаб ўқувчилари ҳозир эди. Қоронғу хонада барча болалар компьютер экранларига михланган. Жаҳлдан бўғриққан юзлар, ғазабдан қисилган кўзлар уларнинг тамомила виртуал ўйинларга «шўнғигани», атроф-оламни мутлақо унутганидан дарак беради. «Мана сенга!», «Ўлдир уни!», «Чоп, сўй!» деган таҳқиромуз хитоблар янграйди. Бу ҳолга изоҳ сўраб, компьютерхона бошлиғига мурожаат қилганимда, у беписандлик билан қоронғу бурчаклардан бирига ишора қилди. У ерда «Матерится запрещено!» деган сўзлар ёзилганди. Демак, ҳар куни аҳвол – шу. Болалар ўйнаб ғазабдан ёнади, энди ғалаба қозонай деганида мағлубиятга учраганидан аламзада ҳолга тушади. Борлиғини нафрат қамраган, эшитса илон пўст ташлайдиган сўкиниш сўзларини қалаштирган…

Тарихдан яхши маълумки, аждодлар фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, алломалар бу ҳақда ўз асарларида тўхталиб ўтишган. Тиб илмининг султони Ибн Сино ўз асарларидан бирида: «Бола хулқини мўътадилликда сақлашга алоҳида эътибор бериш керак, бунга болани қаттиқ ғазабланиш, қўрқиш, уйқусизликдан сақлаш орқали эришилади. Ғазаб кучни қиздиради, қайғу кучни оздиради, хафалик беғамликка мойил қилади. Хулқнинг мўътадиллиги натижасида ҳам нафс, ҳам бадан соғлом бўлади», дея таъкидлаб ўтган. Аммо, биз тасвирлаган манзарада бунинг аксини ўрамиз. Инсоният онгу тафаккури ила не-не оламшумул кашфиётларга эришилаётган бир пайтда фарзандларни янги-янги хатарлар кутиб олмоқда. Бугун ўсиб келаётган ёшлар соғлигига хавф туғдирувчи омиллар сирасига «игромания»ни ҳам аллақачон кўшганмиз. Ваҳоланки, келажак эгаларининг бундай ҳолатга тушмаслиги учун қайғуриш, уларни миллий кадриятларга содиқ қилиб вояга етказиш Ватан истиқболини белгилайди.

Шу боис, айрим бузғунчи мафкуравий марказлар томонидан яратилган «оммавий маданият» ниқоби остида кириб келаётган «мафкура»га қарши курашишда оила, маҳалла-кўй, таълим муассасаларининг ҳамжиҳатлиги ниҳоятда муҳимдир. Шу нуктаи назардан, «Оила – маҳалла – таълим муассаси» механизми доирасида ишларни ташкил этиш устувор вазифалардандир.  Қолаверса, ҳеч кимнинг бундай жараёнларга бефарқ қолишга ҳаққи йўқ. Атрофда бўлаётган воқеаларга лоқайд муносабатда бўлиш жамият учун доимо хавф туғдирган. Бир сўз билан айтганда, ота-она, маҳалла-кўй, устоз, ватандош бўлган ҳар биримиздан масъулият, мажбурият ва жавобгарлик талаб этади.