Жорий йилда Ўзбекистон 4,505 млрд АҚШ доллари миқдорида хорижий сармояларни ўзлаштиришни режалаштирган. Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан тасдиқланган инвестиция дастурига кўра, 199та инвестиция лойиҳаларига шу миқдорда сармоя жалб қилиш белгиланган, деб ёзади «Газета.uz».

Ушбу миқдорнинг 1,854 млрд доллари ҳукумат кафолати остида жалб қилинади. Бу маблағлар 79та лойиҳага киритилади. 120 лойиҳага 2,65 млрд долларлик хорижий сармояни тўғридан-тўғри жалб этиш режалаштирилган. Шундан ёқилғи-энергетика соҳасидаги 37та лойиҳага жами 2,47 млрд доллар хорижий сармоя жалб этилади. 

Россиянинг «Лукойл» компанияси 2017 йилда умумий қиймати 8 млрд долларлик маҳсулотларни тақсимлаш бўйича иккита келишув учун 1,217 млрд доллар сармоя киритади. Gas Project Development Central Asia (GPD, Gazprom International шўъба корхонаси) ҳам Устюрт минтақаси ва Сурхондарё вилоятидаги газ конларини ўзлаштириш бўйича умумий қиймати 1,3 млрд долларга яқин бўлган икки лойиҳани амалга оширишга киришади. 

Энергетика соҳасида халқаро молиявий институтларнинг хорижий кредитлари ҳисобига 17та лойиҳа бўйича 506,7 млн доллар сармоя ўзлаштириш белгиланган. Япониянинг Mitsubishi Corporation ва Mitsubishi Hitachi Power Systems компаниялари умумий қиймати 1,5 млрд долларга яқин бўлган иккита лойиҳа – Наманган вилоятидаги 900 мВтлик Тўрақўрғон ИЭС қурилиши ҳамда Навоий ИЭСга қуввати 450 мВт бўлган буғ-газ қурилмасини ўрнатишни амалга оширишга киришади. Хитойнинг Zhuhai Singyes Green Building Technology компанияси Самарқанд вилоятида қуёш электрстанциясини қуришни бошлайди. 

Расмий статистик маълумотларга кўра, 2016 йилда Ўзбекистон иқтисодиётида ўзлаштирилган хорижий сармоялар ва кредитлар миқдори 11,3 фоизга ўсиб, 3,7 млрд доллардан ошиб кетган. Ўтган йили умумий қиймати 5,2 млрд долларлик 164та йирик лойиҳани бажариш ишлари якунланган.